Самарқандда давом этаётган “Буюк аждодлар мероси – Учинчи Ренессанс асоси” VIII халқаро конгресси доирасида “Ўзбeкистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” туркумининг 10 та янги жилди тақдимоти ўтказилди.
Мазкур нашрлар Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти томонидан тайёрланган. Лойиҳа турли сабабларга кўра, айни пайтда хориждаги музейлар, кутубхоналар, турли коллекциялар ва бошқа муассасаларда сақланаётган ўзбек халқининг маданий ёдгорликлари ва моддий буюмлари, қадимий қўлёзмалар, нодир ашёлар ҳақидаги маълумотларни жамлаш, уларнинг нусхаларини олиш ва халқимизга етказишга қаратилган.
Шу пайтгача 70 жилдлик китоб-альбомлар нашр қилиниб, юртимиз ва чет эллардаги энг машҳур кутубхоналар, олийгоҳ ва музейлар, нуфузли илм-маърифат масканларига етказиб берилган. Шу ишларнинг давоми сифатида мазкур туркумдаги яна 10 та янги жилд нашр этилди.