Самарқанд шаҳрида 26−30 август кунлари "Шарқ тароналари" XIII халқаро мусиқа фестивали бўлиб ўтмоқда. Тадбирлар доирасида маданият вазири Озодбек Назарбеков ОАВ вакилларига интервью бериб, бу каби фестивалларни ўтказишдан асосий мақсад нима эканлиги ҳақида тўхталиб ўтди.
"Халқаро майдондаги беқарорликлар ва бошқарув имкониятлари қанақадир қора кучларда экани бугун кўриниб турибди, буни бутун дунё кўряпти. Биз мана шундай даврда ўзимизнинг қадриятларимиз, маданиятимизни маҳкам тутган ва бутун дунёни шу позицияга чорлаган ҳолда бундай иллатлар ёки таҳдидларга қарши тура оламиз", — деди у.
"Сизлар кўп савол берасизлар бизга: "Мақом" фестивали қиляпсизлар, "Бахшичилик", "Ҳунармандлар" фестиваллари қиляпсизлар, булар керакми, керакмасми, ундан кўра асфалт қилган яхшимасми, деган миллионта хар ҳил фикрлар бор. Кечирсизлару, ҳозир бу муаммо битта кўчани асфалт қилгандан кўра муҳимроқ. Чунки инсон маданиятига таҳдид бостириб келяпти, шунинг учун бунақа фестивалларга 3−5 млрд сўм ишлатиш, менимча, инсон келажагини асраб қолишда жуда муҳим. Маданият вазири сифатида фестивалларга асфальтдан ҳам муҳимроқ, бошқа нарсалардан ҳам ўта муҳим бўлган масала, деб қарайман", — дея қўшимча қилган Маданият вазири.