АсосийМаданият

Ўзбекистон ЮНEСКОнинг халқаро тадқиқот марказига аъзо бўлди

Марказ вазифаси маданий меросни сақлаш ва ҳимоя қилишдан иборат.

'Ўзбекистон ЮНEСКОнинг халқаро тадқиқот марказига аъзо бўлди'ning rasmi

Ўзбекистон ЮНEСКОнинг Маданий бойликларни сақлаш ва реставрация қилиш бўйича халқаро тадқиқот маркази (ИККРОМ)га аъзо бўлди. Бу ҳақда Марказ бош директори Аруна Франческа Мария Гужрал расман эълон қилди.

"Ўзбекистон Республикаси Устав иккинчи моддасининг иккинчи ва тўртинчи бандларига мувофиқ қўшилиш тўғрисидаги расмий декларацияни топширгач, 2024 йил 30 август куни ИККРОМга расман қабул қилиниб, 138-аъзо давлатга айланганини эълон қилиш мен учун катта шарафдир", – дейилади ташкилот бош директори Аруна Франческа Мария Гужралнинг расмий баёнотида.

Қайд этилишича, бу Ўзбекистоннинг бой маданий меросини асраб-авайлаш ва барқарор бошқаришга содиқлигини таъкидлайди ҳамда аъзо давлатлар ўртасида ҳамкорлик ва билим алмашишни мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадамдир.

"ИККРОМга қўшилиш Ўзбекистонга бой билим ва тажрибани олиб кириш имконини беради. Бу эса маданий меросни асраб-авайлашни қўллаб-қувватлаш бўйича юклатилган вазифани бажаришдаги саъй-ҳаракатларимизга хизмат қилади.

Чин дилдан хурсандман, чунки ушбу воқеа ИККРОМнинг Марказий Осиё минтақасидаги иштирокини кучайтиради. Ишончим комилки, Ўзбекистоннинг ташкилотга аъзолиги минтақанинг бошқа мамлакатларини маданий меросни сақлаш ва ҳимоя қилиш бўйича миссиямизга қўшилишга илҳомлантиради", - дейди Гужрал хоним.

    Бошқа янгиликлар