АсосийЖамият

Қашқадарёда Солиқ инспекцияси ходими 2-синф ўқувчиларига солиқларни тўлаб қўйиш ҳақида эслатма берди

Камчиликларга йўл қўйган ходимларга нисбатан хизмат текшируви тайинланди.

'Қашқадарёда Солиқ инспекцияси ходими 2-синф ўқувчиларига солиқларни тўлаб қўйиш ҳақида эслатма берди'ning rasmi

Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилоятидаги мактаблардан бирида ходимлар ўзини солиқ инспекциясидан келганини айтиб, ўқувчиларга солиқ тўлаш бўйича тушунтириш бергани акс этган видеолавҳалар тарқалди. 

Жумладан, улар ўқувчиларга ота-оналари томонидан мол-мулк солиқларини тўлаш лозимлигини тушунтирган ва қоғоз тарқатган.

Солиқ қўмитаси матбуот хизмати ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирди. Унда таъкидланишича, давлат солиқ хизмати органлари мактабда бўлган ҳолатни ноўрин хатти-ҳаракат деб ҳисоблайди ва кескин қоралайди.

Қўшимча қилинишича, камчиликларга йўл қўйган ходимларга нисбатан хизмат текшируви тайинланган.

Болалар омбудсмани бола манфаатлари бузилишига оид бу ҳолатни ўрганаётганини маълум қилди.

“Мактаб ўқув жараёни иштирокчиси бўлмаган бегона шахсларнинг таълимга оид тартиб-қоидаларини қўпол равишда бузган ҳолда дарс жараёнига кириб бориши ва уни бузиши, болаларга қандайдир ноқонуний талаблар билан мурожаат қилиши — мутлақо йўл қўйиб бўлмайдиган ҳолат!

Болалар ўз ота-оналарининг солиққа оид мажбуриятлари учун жавобгар эмас, ҳеч бир ҳолатда уларни бу жараёнга жалб қилиш, огоҳлантириш мумкин эмас! Бу боланинг конституция ва қонун билан қўриқланадиган ҳуқуқ ва манфаатларига зиддир. Бундай ножўя ҳаракатларга йўл қўйган масъулларга тегишли тарзда чора кўрилиши шарт”, – дейилади хабарда.

    Бошқа янгиликлар