Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал демократик партияси сайловларга “Эркин ва фаровон, қудратли янги Ўзбекистонни биргаликда қурамиз!” шиори остида кириб келмоқда.
Жорий йилнинг 7 сентябрь куни ЎзЛиДеПнинг I Конгресси бўлиб ўтди. Унда Партия томонидан аввалги сайловолди дастурида кўзланган мақсад ва вазифалар ҳамда илгари сурилган таклиф ва ташаббуслар сарҳисоб қилинди.
Шунингдек, Конгрессда 27 октябрда бўлиб ўтадиган сайловларда партиянинг қандай сайловолди дастури билан иштирок этиши муҳокама қилинди.
Таъкидланганишича, партия "Ўзбекистон – 2030" Стратегиясини тўлиқ амалга ошириш масъулиятини зиммасига олган етакчи сиёсий куч сифатида парламент сайловларига 5 мақсад – 500 вазифани ўз ичига қамраб олган янги сайловолди дастури билан кириб бормоқда.
Хусусан, партиянинг сайловолди дастурида иқтисодий йўналишда либерал тамойилларга асосланган эркин бозор муносабатларини қўллаб-қувватловчи ташаббусларга содиқ қолган ҳолда, энг муҳим ташаббуслар билан бирга мамлакатнинг ялпи ички маҳсулот ҳажмини 2030 йилга бориб 160 миллиард долларга, аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромадни эса 4 минг долларга етказиш, саноатда қўшилган қиймат ҳажмини 45 млрд. долларга етказиш ва 2,5 млн. юқори даромадли иш ўринларини яратиш, келгуси 5 йилда иқтисодиётда нодавлат сектор улушини 85 фоизга етказиш бўйича аниқ вазифалар акс эттирилган.
Эътиборлиси, Партия сифатли таълим, тиббиёт ва кучли ижтимоий ҳимояни таъминлаш борасида камбағаллик кўламини икки карра камайтиришни устувор вазифа сифатида қўйган ҳолда, келгуси беш йилда камида 1 миллион фуқарони бозори чаққон касбларга ўргатиш, қўшимча 2,5 млн ўқувчи ўрнини яратган ҳолда таълим сифатини тубдан яхшилаш, тиббиётга ажратиладиган йиллик маблағлар ҳажмини 2 карра ошириш, “Ҳар бир оила ўз уйига эга бўлсин” деган шиорини татбиқ қилган ҳолда 1 миллион хонадонли уй-жойлар қуриш каби ташаббусларни илгари сурмоқда.