Ўрганишларда 764 723 та янги иш ўрни ҳисоботларга қўшиб ёзилганлиги аниқланди. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсуддинов маълум қилди.
Қайд этилишича, ўтказилган ўрганишларда 764 минг 723 та янги иш ўринлари ҳисоботларга қўшиб ёзилганлиги аниқланиб, айбдор шахслар тегишли жавобгарликка тортилди.
Бундан ташқари, 327 нафар ишчи - хизматчиларнинг кечиктирилган 2,3 млрд. сўм иш ҳақлари ундириб берилиши таъминланди.
Шу билан бирга, 10 789 та ҳолатда тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашув ва бюрократик тўсқинликлар аниқланиб, бартараф этилди ҳамда 8030 нафар тадбиркорларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.
Хорижий инвесторлар фаолиятида юзага келган 2 426 та муаммо ижобий ҳал этилди.
Прокуратура органларининг аралашуви билан қарздорликларнинг 9,2 трлн. сўми амалда ундирилди, 8 трлн. Сўмлик кредитлар бўйича гаровдаги мулкларнинг сотувга чиқарилиши таъминланди, 1,3 трлн. сўмлик ижро ҳужжатлари бўйича ундирув қарздорларнинг иш ҳақига қаратилди.
Ўтказилган назорат тадбирларида кредит маблағларининг 2 трлн. сўми талон - торож қилинганлиги аниқланиб, банк ва мижоз корхоналар раҳбарларига нисбатан 646 та жиноят ишлари қўзғатилди.
2024 йилги инвестиция дастури ижросини таъминлашда қурилиш сифати ва маблағлардан мақсадли фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилиб, 29 млрд. сўмлик сифатсиз ишлар ва 47 млрд. сўмлик қўшиб ёзиш ҳолатлари жойида бартараф этилиб, ҳуқуқбузарликларнинг олди олинди. Олиб борилган назорат тадбирларида қонунни бузган 347 нафар шахс интизомий, 1 минг 520 нафари маъмурий жавобгарликка тортилди. Шунингдек, 1 минг 909 нафар мансабдор шахслар расман огоҳлантирилди.