АсосийСаломатлик

Бухоро Химчан клиникасида умуртқа поғонаси касалликларини операциясиз даволаш усули йўлга қўйилмоқда

Darakchi.uz Химчан шифохонасининг кореялик директори Ли Су Чандан махсус интервью олди.

'Бухоро Химчан клиникасида умуртқа поғонаси касалликларини операциясиз даволаш усули йўлга қўйилмоқда'ning rasmi

Тиббиёт фанлари доктори, профессор Ли Су Чан

Химчан клиникалари асосчиси

   Химчан шифохонасини нега айнан Ўзбекистонда очишга қарор қилгансиз ва Ўзбекистондаги дастлабки иш кунлари қийин бўлмаганми?

   Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йилда Корея Республикасига давлат ташрифи чоғида бизнес-форум доирасида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири билан учрашув ўтказдик ва вазир шахсан ўзлари Химчан касалхонасида бўлди. Вазир Кореядан Ўзбекистонга илғор тиббий технологиялар ва тизимларни олиб келмоқчи бўлгани учун касалхонани компания бошқаришини сўради. 2018 йил февраль ойида компания ва Бухоро вилояти соғлиқни сақлаш соҳасига кириш тўғрисида шартнома имзоладилар ва шифохона очилишга тайёр эди.

Очилганидан кўп ўтмай, 2020 йил март ойида  касалхонага CОVID-19 пандемияси таъсир кўрсатди, бу эса кореялик шифокорлар ва ходимларни мамлакатга юборишни қийинлаштирди ҳамда касалхонанинг нормал ишлашига бир неча йил тўсқинлик қилди.

2023 йил сентябрь ойида шифохона бош шифокори Хаятов Эркин ва тиббиёт ходимлари Global Again Himchanтадбирини ўтказиб, CОVID-19 пандемиясидан кейин шифохонани қайта тиклашга ваъда беришди. Шундан сўнг Корея илғор тиббиёти Бухоро Химчан касалхонасида яна жадал суратларда давом этмоқда.

   Ҳозирги кунда Бухоро Ҳимчан касалхонасининг асосий иш фаолияти нималардан иборат?

   Ўзбекистонда умуртқа поғонаси касалликларининг аксарияти жарроҳлик йўли билан даволанади. Кореяда умуртқа поғонасининг  касалликларидан диск чурраси  ёки умуртқа поғонаси стенозини даволашда биз биринчи навбатда физиотерпия, дори-дармонлар ва инъекция каби консерватив муолажаларни синаб кўрамиз. Агар тикланиш бўлмаса, нерв илдизи блокадаси ёки нейропластика каби жарроҳлик бўлмаган муолажалардан фойдаланамиз. Агар жарроҳлик бўлмаган даволаниш усуллари  яхши самар бермаса, мутахассис билан маслаҳатлашгандан сўнг, жарроҳлик аралашуви тўғрисида қарор қабул қилинади. 

Таъкидлаб ўтишим керакки, умуртқа поғонаси касалликларининг атиги 5-10 фоизи жарроҳлик амалиётини талаб қилади ва кўпчилик умуртқа поғонаси касалликларини консерватив ёки жарроҳлик бўлмаган усуллар билан даволаш мумкин. Касалликнинг дастлабки ва ўрта босқичларида жарроҳлик амалиётига ҳали эрта бўлган кўплаб беморлар бор ва бу пайтда биз бундай беморларга жарроҳлик бўлмаган муолажаларни фаол равишда жорий этиш орқали жарроҳлик амлиётлар сонини камайтиришга ҳаракат қиляпмиз.

Май ойидан бошлаб Бухоро Химчан шифохонаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва бошқа тегишли органларнинг рухсати билан Ўзбекистонда биринчи бўлиб RACZ катетори оркали нейропластика усулини жорий этди. Май ойидан бери кореялик нейрохирурглар Бухоро Химчан касалхонасига 5 марта ташриф буюришди ва 2  нафар нейрохирург  шифокорни ушбу техникада ўқитишди. Бу жараён беморлар томонидан яхши қабул қилинди.

3 сентябрь ҳолатига кўра, нерв-мушак блокадаси ва RACZ катетор оркали нейропластика усулини ўтказган 180 нафар беморнинг 162 нафари ижобий натижа қайд этилганлиги, яъни беморларнинг 90 фоизи ушбу муолажа жараёнидан мамнунлигини айтган. Муваффақиятли жаррохлик амалиётлари фоизи тахминан 95 фоизни ташкил этишини ҳисобга олсак, бу жуда юқори кўрсаткич хисобланади. Беморларнинг мамнун фикр-мулоҳазалари сабабли Бухоро Химчан касалхонаси умуртқа поғонасини жарроҳлик амалиётисиз даволаш ва уни оммалаштириш бўйича етакчига айланмоқда.

   Нерв илдизи блокадаси ёки RACZ нейропластикаси каби умуртқа поғонасини жарроҳлик амалиётисиз даволаш усуллари қандай?

   Бугунги  кунда нерв илдизи блокадаси ва RACZ катетор оркали нейропластика усули Кореяда қисқа муддатли муолажа хисобланиб, камроқ оғриқ ва кундалик ҳаётга тезроқ қайтиш каби афзалликлари билан кенг қўлланилади.

Нерв илдизи блокадаси бу — инъекция муолажаси бўлиб, унда оғриқни келтириб чиқарадиган зарарланган нерв илдизчалари сохасига, оғриқни йўқотиш, яллиғланишни камайтириш ҳамда қон оқимини ошириш учун махсус  дорилар юборилади. Муолажанинг ўзи тахминан беш дақиқа давом этади.

Маҳаллий оғриқсизлантириш остида думғозада кичик тешик тешилади ва 1 мм диаметрли кичик катетер киритилади. Бу нерв илдизи шикастланган жойнинг жойлашишини аниқлайди ва яллиғланишни бартараф этиш, шунингдек, нерв толаларини бўшатиш учун дори юборади. Яллиғланишни енгиллаштирадиган дорилар тўғридан-тўғри оғриқ нуқтасига киритилиши мумкин, бу эса оғриқни самарали камайтиради. Нерв атрофидаги яллиғланиш туфайли келиб чиққан чандиқларни очиб ташлаш ва торайган умуртқа поғонаси каналининг кенгайиши туфайли дорилар нерв  бўйлаб яхшироқ тарқалади ва тез таъсир кўрсатади. Жараён 10-15 минутгача давом этади ва кесмани талаб қилмайди, шунинг учун қон кетиш каби ножўя таъсирлар ҳақида ташвишланиш шарт эмас. Жараёндан сўнг бемор камроқ оғриқни ҳис қилади ва айнан шунинг учун ҳам тезда кундалик ҳаётга қайтиши мумкин. 

Бухородаги Химчан касалхонаси шифокорлари олти ойдан кўпроқ вақт давомида кореялик шифокорлар томонидан интенсив жарроҳлик амалиётлар техникаси бўйича керакли билимларни олишмоқда ва улар бугунги кунда ўртача даражадан юқори даражага етган мутахассислар ҳисобланади. 

Даволашнинг иккала усули ҳам жуда аниқ, чунки дорилар нерв илдизи зарарланган сохага юборилади ва шу билан бирга C-АRМ деб номланган махсус рентген мосламаси ёрдамида реал вақтда кузатилади.

Ҳозирда Бухоро Химчан шифохонаси ҳам аппарат, ҳам дастурий таъминот ҳамда узоқ муддатли тайёргарликдан ўтган жарроҳлар ва C-АRМ каби илғор ускуналарга эга. 

   Бухоро Химчан касалхонаси шифокорлари Кореяда ўқитилганми?

   Кореялик шифокорлар малака ошириш учун Ўзбекистонга ташриф буюришади ва биз ҳам ўзбекистонлик шифокорларни Кореяга таклиф қилиб, ўқув дастурларини давом эттирмоқдамиз.

2022 йил декабрь ойида ортопед-жарроҳ Абдуллаев Ислом, 2023 йил августь ойида шифохона бош  шифокори Хаятов Эркин, 2023 йил декабрь ойида нейрохирург Марданов Жамшид Жанубий Кореядаги Химчан касалхонасига ташриф буюриб, шифохоналар бошқарувининг илғор тиббий технологиялари ва ускуналарини ўрганиш мақсадида конференциялар ва операцияларда иштирок этишди.

   Жарроҳлик бўлмаган даволаниш ёрдам бермаса, операция қандай амалга оширилади?

   Жарроҳлик усули бўлмаган даволаниш туридан беморнинг аҳволи яхшиланмаса, жарроҳлик амалиёти талаб қилиниши мумкин. Кореяда диск чурраларини эндоскопик усулда  ёки микроскопик остида дискэктомия амлиётлари бажарилиб келинмоыда.  Кичик кесма орқали эндоскоп ёрдамида жарроҳлик асбобларини киритиш ва махсус монитор остида амалга оширилади. Кесмалар  ҳажми  кичик  бўлганлиги сабабли нормал тўқималар иложи борича сақланиб қолинади, тери ва мушаклардаги чандиқлар камаяди, бу эса жаррохлик амалиётидан кейин тикланиши хавфсизроқ ва тез амалга ошишига ёрдам беради. Биз яқин келажакда ушбу жарроҳлик усулларини жорий этиш имкониятларини кўриб чиқмоқдамиз ва Бухоро шаҳридаги Химчан касалхонаси шифокорларини жарроҳлик усулларини такомиллаштиришда ҳам фаол қўллаб-қувватлаймиз.

   Келажак учун қандай режаларингиз бор?

   Октябрь ва ноябрь ойларида кореялик нейрохирурглар ўзларининг тиббий кўникмаларини ўтказиш учун Бухоро Химчан касалхонасига ташриф буюришади. Умид қиламизки, узоқ вақт давомида кореялик шифокорлар томонидан ўқитилган ва жарроҳлик маҳоратини оширган Бухоро Химчан касалхонаси шифокорлари шифохонага ташриф буюрган беморларга мукаммал тиббий ёрдам кўрсатадилар ва илғор тиббий технологияларни жорий этиш орқали кўплаб беморларни яхши даволашга интилишда давом этамиз.

2024 йил май ойида Жанубий Кореядаги Химчан касалхонасининг нейрохирург доктори Хео Жунг Ёнг (марказ) RACZ нейропластикасини ўтказди ва Бухородаги Химчан касалхонаси шифокорларига ушбу операцияни қандай бажаришни ўргатди.

Шунингдек, Бухоро Химчан касалхонасининг нейрохирург шифокори Марданов Жамшид 2023 йил декабрь ойида Жанубий Кореядаги Химчан касалхонасига ташриф буюрганидан сўнг малака ошириш гувоҳномасини кўлга киритди.

    Бошқа янгиликлар