Сирдарё вилоятида "Тоза ҳудуд" корхонаси маиший чиқинди ташиш хизматини амалга оширишда аҳолига ортиқча тўловлар ҳисоблаганини аниқланди. Бу ҳақда Рақобат қўмитаси матбуот хизмати хабар қилди.
Қўмитанинг Сирдарё вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан Сирдарё вилояти "Тоза ҳудуд" давлат унитар корхонасининг 2023 ва 2024 йилнинг 1-ярим йиллигида маиший чиқинди ташиш хизматларини кўрсатиш соҳасида қонунчилик талабларига риоя этилиши юзасидан ўрганиш ва таҳлил ишлари олиб борилди.
Ўрганиш ва таҳлилларда мазкур "Тоза ҳудуд" ДУКнинг туман-шаҳар филиаллари томонидан маиший чиқинди ташиш хизматининг МФЙ кесимида белгиланган жадвал асосида хизмат кўрсатмаётганлиги, бунинг оқибатида аҳолидан ортиқча маблағлар олингани ҳолатлари аниқланди.
Худди шу каби қуйидаги ҳудудларда ҳам ортиқча маблағлар олинган ҳолатлар маълум бўлди:
- 12 та МФЙда (Оқолтин туманида 32 329 нафар аҳоли) 76,9 млн сўм;
- 9 та МФЙда (Боёвут туманида 27 949 нафар аҳоли) 95,6 млн сўм;
- 9 та МФЙда (Ховос туманида 17 307 нафар аҳоли) 73,1 млн сўм;
- 7 та МФЙда (Сирдарё туманида 19 833 нафар аҳоли) 67,3 млн сўм;
- 3 та МФЙда (Янгиер шаҳрида 14 464 нафар аҳоли) 86,3 млн сўм;
- 3 та МФЙда (Сардоба туманида 8 984 нафар аҳоли) 5,2 млн сўм;
- 3 та МФЙда (Ширин шаҳрида 7620 нафар аҳоли) 33,2 млн сўм;
- 1 та МФЙда (Мирзаобод туманида 4148 нафар аҳоли) 31,1 млн сўм;
- 1 та МФЙда (Сайхунобод туманида 3069 нафар аҳоли) 13,6 млн сўм.
Умумий ҳисоб-китобларга кўра "Тоза ҳудуд" томонидан жами 51 та МФЙда 144 861 нафар истеъмолчига нисбатан 528,6 млн сўм миқдорида ортиқча тўловлар ҳисоблагани аниқланди.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, ҳудудий бошқарманинг Махсус комиссияси томонидан "Тоза ҳудуд" ДУКка нисбатан "Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги қонуннинг 21-моддаси (сотувчи (ижрочи) истеъмолчини ҳақ эвазига қўшимча товарлар сотиб олишга ёки қўшимча хизматлардан фойдаланишга қисташга, шунингдек, кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ олишга ҳақли эмас) талаблари бузилганги юзасидан, тегишли тартибда иш қўзғатилди.
Ишни кўриб чиқиш натижасида 144 861 нафар истеъмолчи фойдасига 528,6 млн сўм маблағ қайта ҳисоб-китоб қилиниши бўйича бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилди.