Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қатар Давлати Амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 26 октябрь куни бўлиб ўтган учрашувда Ўзбекистон ва Қатар ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинган.
Суҳбат аввалида икки давлат ўртасидаги олий даражадаги фаол мулоқотлар ва тизимли ҳамкорлик натижасида алоқалар стратегик шериклик даражасига кўтарилгани мамнуният билан қайд этилган.
Шунингдек, томонлар ўзаро дўстлик ва ҳамкорликни янада ривожлантириш муҳимлигини таъкидлаган.
Учрашувда олий даражада эришилган келишувларнинг ижроси кўриб чиқилган. Савдо-иқтисодий, инвестициявий, ижтимоий ва гуманитар соҳалардаги лойиҳаларни кенгайтириш бўйича келишувга эришилган.
Давлат раҳбарлари, шунингдек, глобал ва минтақавий аҳамиятга молик масалалар юзасидан фикр алмашган.






