АсосийСИЁСАТ

Шавкат Мирзиёев ички ишлар органлари ходимлари ва фахрийларини табриклади

Президент ички ишлар органлари ходимларини қонунга қатъий риоя қилиш, фуқароларга ҳурмат билан муносабатда бўлиш ва жиноятларнинг олдини олишда ташаббускор бўлишга чақирди.

'Шавкат Мирзиёев ички ишлар органлари ходимлари ва фахрийларини табриклади'ning rasmi

Президент Ички ишлар вазирлиги ташкил этилганининг 35 йиллиги муносабати билан ходимларни қонунга қатъий риоя қилиш, фуқароларга ҳурмат билан муносабатда бўлиш ва жиноятларнинг олдини олишда ташаббускорлик кўрсатишга чақирди.

Шавкат Мирзиёев 24 октябрь куни Ички ишлар вазирлиги ташкил этилганининг 35 йиллиги муносабати билан ички ишлар органлари ходимлари ва фахрийларига табрик йўллади.

Давлат раҳбари тизим ходимларига халқ осойишталигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш йўлидаги хизматлари учун миннатдорлик билдирди. Ўтган 35 йил давомида ички ишлар органларида катта тажриба тўплангани, жасорат ва садоқат анъаналари шаклланганини таъкидлади.

Президентнинг қайд этишича, жорий йилда Ўзбекистондаги маҳаллаларнинг қарийб ярмида жиноят содир этилмаган. Бу ички ишлар ходимлари, маҳалла фаоллари ва аҳолининг ҳамкорликдаги меҳнати самараси сифатида баҳоланди.

«Жорий йилда маҳаллаларимизнинг қарийб ярмида жиноят содир этилмагани — ички ишлар ходимлари, маҳалла фаоллари ва аҳолининг ҳамкорликдаги меҳнати самарасидир. Энди бу тажрибани кенгайтириб, ҳар бир маҳаллада хавфсиз муҳит яратиш бўйича ишларимизни изчил давом эттиришимиз зарур», — дейилади табрикда.

Шавкат Мирзиёев жамоат хавфсизлигини таъминлашда рақамли технологиялар ва сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш кенгаяётганини билдирди. Шунингдек, кибержиноятларнинг олдини олиш, фуқароларнинг мол-мулкини ҳимоя қилиш, гиёҳвандлик ва уюшган жиноятчиликка қарши курашиш долзарб вазифалар бўлиб қолаётганини қайд этди.

Бу борада ходимларнинг замонавий билим ва амалий кўникмаларини ошириш, кадрлар тайёрлашда дуал таълимни ривожлантириш ҳамда маҳаллий ва хорижий мутахассислар тажрибасидан фойдаланиш муҳимлиги таъкидланди.

Давлат раҳбари ички ишлар органлари ходимларидан жиноятларнинг олдини олишда ташаббускорлик, хизматда қатъий интизом ва ҳалоллик кутаётганини билдирди. Унинг таъкидлашича, ходимларнинг ҳар бир фуқаро билан муносабати бутун тизимга бўлган ишончга таъсир қилади.

«Сизга мурожаат қилган фуқарони диққат билан тинглаш, унинг муаммосини қонуний ҳал этишга кўмаклашиш халқнинг тизимга бўлган ишончини мустаҳкамлайди. Чунки одамлар бир ходимнинг муомаласи ва хатти-ҳаракатидан бутун тизим ҳақида хулоса чиқаради», — дея қайд этди давлат раҳбари.

Табрикда «Ўзингни англа ва ўзгани қадрла» тамойилига амал қилиш, касбий шаънни асраш, қонунга қатъий риоя этиш ва ҳар бир инсонга ҳурмат билан муносабатда бўлиш зарурлигига ҳам эътибор қаратилди.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев «ЎЗ» ғояси замиридаги юрт тақдирига дахлдорлик туйғуси ички ишлар органлари фаолиятида ҳам намоён бўлиши кераклигини таъкидлади.

«Ҳар бир хонадоннинг осойишталигини ўз оилангиз тинчлигидек асраш — “Ўзимнинг Ўзбекистоним” деган ифтихор ҳиссининг амалий ифодасига айланиши лозим», — дейилади табрикда.

Президент ички ишлар органлари фахрийларига, шунингдек, ходимларнинг ота-оналари, турмуш ўртоқлари ва фарзандларига миннатдорлик билдирди. Хизмат вақтида ҳалок бўлган ходимларнинг хотирасини ҳурмат билан ёд этиб, уларнинг оилалари ва фарзандларига ғамхўрлик кўрсатиш бундан буён ҳам муҳим бурч бўлиб қолишини қайд этди.

Табрик якунида давлат раҳбари ички ишлар органлари ходимларига мустаҳкам соғлиқ, оилавий тинчлик ва масъулиятли хизматларида муваффақиятлар тилади.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 23 октябрь куни Ички ишлар органлари ходимлари куни муносабати билан бир гуруҳ ходимларни мукофотлаш тўғрисидаги фармонни имзолаган эди. Ҳужжатга кўра, ходимлар ички ишлар органларидаги кўп йиллик самарали хизмати, мамлакатда жамоат хавфсизлиги ва халқ осойишталигини таъминлаш, тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси учун тақдирланган.

    Бошқа янгиликлар