АсосийСИЁСАТ

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон параспортчиларини Япониядаги тарихий натижа билан табриклади

Давлат раҳбари табригида 45 та давлатдан 2,6 мингдан зиёд параспортчи иштирок этган мусобақада ўзбекистонлик спортчилар матонат ва жасорат намоён этганини таъкидлади.

'Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон параспортчиларини Япониядаги тарихий натижа билан табриклади'ning rasmi

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон терма жамоасини Японияда ўтказилган V ёзги Параосиё ўйинларида қўлга киритилган тарихий натижа билан табриклади. Ўзбекистон спортчилари мусобақаларда 45 та олтин, 49 та кумуш ва 51 та бронза медалини қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида учинчи ўринни эгаллади.

Давлат раҳбари табригида 45 та давлатдан 2,6 мингдан зиёд параспортчи иштирок этган мусобақада ўзбекистонлик спортчилар матонат ва жасорат намоён этганини таъкидлади.

Мирзиёевнинг қайд этишича, Ўзбекистон вакиллари Ҳиндистон, Жанубий Корея, Эрон, Таиланд ва Индонезия каби давлатлар жамоаларини ортда қолдириб, Хитой ва Япониядан кейинги ўринни эгаллаган.

Шунингдек, делегация қўлга киритган олтин медалларнинг ярми қизлар ҳиссасига тўғри келгани алоҳида таъкидланди. Мусобақаларда бир қатор спортчилар жаҳон ва Осиё рекордларини янгилади.

Жумладан, пауэрлифтингчи Рўза Қўзиева жаҳон рекордини ўрнатди. Мадина Мухторова, Каромат Омонова, Шаҳина Йигиталиева, Наврўза Аҳмадова, Хуршид Қодиров, Егор Болотов ва 16 ёшли Лолахон Қодирова Осиё рекордларини қайд этди. Яна 16 нафар ўзбекистонлик спортчи паравелоспорт, пауэрлифтинг ва пара енгил атлетика бўйича Параосиё ўйинлари рекордларини янгилади.

Президент спортчиларнинг ютуқларини уларнинг тинимсиз меҳнати, мустаҳкам иродаси ва мамлакатда паралимпия ҳаракатини ривожлантиришга қаратилган тизимли ишлар натижаси сифатида баҳолади. Шунингдек, спортчиларни тарбиялаган ота-оналар ва мураббийларга миннатдорлик билдирди.

Давлат раҳбари Японияда эришилган натижалар ва тўпланган тажриба 2028 йилда Лос-Анжелесда ўтадиган Паралимпия ўйинларига тайёргарлик учун мустаҳкам замин бўлишига ишонч билдирди.

    Бошқа янгиликлар