Исроил бош вазири Бинямин Нетаняху Ливан аҳолисига ноодатий видеомурожаат йўллаб, уларни Ҳизбуллоҳ ҳаракати қурол сақлайдиган ҳудудларни тарк этишга чақирди. Бу ҳақида zamon.uz хабар бермоқда.
“Ливан халқи! Исроил сиз билан эмас, Ҳизбуллоҳ билан уруш қилмоқда. Жуда узоқ вақт у сиздан тирик қалқон сифатида фойдаланди. Яшаш жойларингизга ракеталарини жойлаштирди. Бу ракеталар ва снарядлар тўғридан тўғри шаҳарларимизга ва фуқароларимизга қаратилган, халқимизни Ҳизбуллоҳ ҳужумларидан ҳимоя қилиш учун биз бу қуролларни йўқ қилишимиз керак”, - деди бош вазир.
Бош вазир, шунингдек, Исроил армиясининг ливанликларни «Ҳизбуллоҳ» қуроллари жойлаштирилган ҳудудларни тарк этишга чақирган эрталабки чақириғини эслаган.
“Бу огоҳлантиришни жиддий қабул қилишингизни сўрайман. Ҳизбуллоҳ сизнинг ва яқинларингизнинг ҳаётини хавф остида қолдиришига йўл қўйманг”, - дея қўшимча қилган Нетаняху.