Исроил ташқи ишлар вазири Исраэль Кац БМТ бош котиби Антониу Гутерришни персона нон грата деб эълон қилди ва унинг мамлакатга киришини тақиқлади. Бу ҳақда у X (собиқ Twitter) ижтимоий тармоғида маълум қилди.
"Дунёнинг деярли барча мамлакатлари каби Эроннинг Исроилга жирканч ҳужумини қатъий қоралай олмайдиган ҳар қандай одам Исроил тупроғига қадам қўйишга лойиқ эмас", — деб ёзди вазир.
Унинг сўзларига кўра, Гутерриш, шунингдек, 2023 йил 7 октябрда ҲАМАС жангариларининг Исроилга ҳужумини ҳам қораламаган ва ҳаракатни террорчи ташкилот деб эълон қилиш учун ҳеч қандай ҳаракат қилмаган.
Исроил ташқи ишлар вазирининг таъкидлашича, БМТнинг амалдаги бош котиби «террорчилар, зўравонлар ва қотилларни қўллаб-қувватлагани учун ташкилот тарихида доғ бўлиб қолади».
"Исроил, Антониу Гутерриш билан ёки усиз, ўз фуқароларини ҳимоя қилишни ва миллий қадр-қимматини сақлаб қолишни давом эттираверади", — дея постини якунлаган Кац.
1 октябрь куни кечқурун Эрон Исроилга ракета ҳужуми уюштирганидан сўнг, Гутерриш Яқин Шарқда можаронинг кучайишини қоралаб, ўт очишни тўхтатишга чақириб твит ёзди. У твитда на Эронни, на Исроилни тилга олди.