Давлатимиз раҳбари хорижда меҳнат қилаётган юртдошларимиз ҳақида алоҳида тўхталди:
“Чет элда ишлаётган ҳар бир юртдошимиз оиласининг ризқи, фарзандлари келажаги учун тинимсиз меҳнат қилаётган ҳақиқий мард инсонлардир. Улар ҳам бизнинг фуқароларимиз, бизнинг фарзандларимиз. Қаерда ишлашидан қатъи назар, фуқароларимиз ҳуқуқини ҳимоя қилиш — давлатнинг доимий бурчи ва вазифаси”.
Президент хорижда меҳнат қилаётган бирорта ҳам юртдошимиз ўз муаммоси билан ёлғиз қолмаслиги кераклигини қатъий таъкидлади.
Эндиликда чет элда муаммога дуч келган фуқаро элчи ёки консулни излаб юрмайди. “Онлайн маҳалла” платформаси орқали ёрдам сўраб мурожаат қолдиради. Зарур вазиятда элчининг ўзи унинг олдига бориб, ҳуқуқларини ҳимоя қилади, муаммосига ечим топади.
Давлатимиз раҳбари мутасаддиларга ушбу тизимни 10 кун ичида йўлга қўйиш ва самарали ишлашини таъминлаш бўйича таклифлар киритишни топширди.
Муҳим жиҳати — меҳнат мигрантларига муносабат ўзгармоқда. Хорижда ишлаётган инсон шунчаки пул жўнатувчи эмас, балки давлат ҳимоясига ҳақли, қадри баланд фуқаро сифатида эътироф этилмоқда.






