АсосийДУНЁ

Алишер Усмоновнинг ЕИга қарши даъвосини тўсиш ноқонуний деб топилди

Германия Федерал Олий суди россиялик тадбиркор Алишер Усмоновнинг Европа Иттифоқи Кенгашига қарши даъвоси доирасида суд ҳужжатларини топширишдан бош тортган Гамбург ер суди раиси қарорини ноқонуний деб топди.

'Алишер Усмоновнинг ЕИга қарши даъвосини тўсиш ноқонуний деб топилди'ning rasmi

Германия Федерал Олий суди Гамбург ер суди раиси россиялик тадбиркор Алишер Усмоновнинг Европа Иттифоқи Кенгашига қарши даъвоси доирасида суд ҳужжатларини топширишдан бош тортганини ноқонуний деб баҳолади. Бу ҳақда Welt хабар берди.

Усмонов манфаатларини ҳимоя қилаётган адвокат Йоахим Николаус Штайнхёфельнинг РБКга маълум қилишича, Федерал Олий суд Гамбург ер суди раиси бундай қарор қабул қилиш ваколатига эга эмаслигини тасдиқлаган.

Шунингдек, суд Федерал адлия идорасининг Германия Ташқи ишлар вазирлиги билан келишилган тавсияси мажбурий кучга эга эмас, деган хулосага келган. 2026 йил 21 октябрда Федерал Олий суд суд раиси рад жавобини ҳамда уни аввалроқ қўллаб-қувватлаган Ганза Олий ер суди қарорини бекор қилган.

Штайнхёфельнинг таъкидлашича, суд раиси бир неча йил давомида ўз судидаги судьяга қарши позицияда бўлиб, ижро ҳокимияти томонида турган. Адвокат бу ҳолат суд ҳокимияти мустақиллигига путур етказишини билдирган.

Аввалроқ, Гамбург ер суди Европа Иттифоқи Кенгаши Усмоновга нисбатан санкциялар жорий этишни асослашда фойдаланган айрим маълумотларни тарқатишни тақиқлаган эди. Тадбиркор ҳимояси мазкур маълумотларни Европа Иттифоқи Кенгашининг расмий сайтида эълон қилиш давом эттирилишини унинг шахсий номулкий ҳуқуқлари бузилиши деб баҳолаган ва уларни тарқатишни тақиқлаш бўйича даъво киритган.

    Бошқа янгиликлар