АсосийДУНЁ

Истанбулдаги тўй жанжали пичоқбозлик ва ўлим билан якунланди: марҳум ўзбекистонлик эмас

Айрим турк нашрлари уни ўзбекистонлик деб хабар берган, бироқ Бош консулхона марҳум Туркманистон фуқароси эканини маълум қилди.

'Истанбулдаги тўй жанжали пичоқбозлик ва ўлим билан якунланди: марҳум ўзбекистонлик эмас'ning rasmi

Туркиянинг Истанбул шаҳрида тўйхонада юз берган пичоқбозлик оқибатида 33 ёшли Қилич Бўриев ҳалок бўлди. Айрим турк нашрлари уни Ўзбекистон фуқароси сифатида кўрсатган. Бироқ Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси марҳум Туркманистон фуқароси эканини маълум қилди.

ОАВ хабарларига кўра, ҳодиса соат 23:30 атрофида Истанбулнинг Кичикчекмеже тумани Кемалпоша маҳалласидаги тўйхонада содир бўлган. Тўй маросими вақтида икки гуруҳ ўртасида келиб чиққан тортишув қарийб бир соат давом этган ва пичоқбозлик билан якунланган.

Жанжал вақтида маст ҳолатда бўлган Р.Т. исмли шахс Қилич Бўриевнинг бўйнига пичоқ урган. Оғир жароҳат олган эркакка воқеа жойида биринчи ёрдам кўрсатилиб, шифохонага олиб кетилган. Бироқ шифокорлар унинг ҳаётини сақлаб қола олмаган.

Тезкор-қидирув тадбирлари давомида гумонланувчи қўлга олинган. Жиноятда фойдаланилган пичоқ ашёвий далил сифатида олиб қўйилган. Сўроқдан сўнг Р.Т. суд қарори билан ҳибсга олинган.

Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси ўрганишлар натижасида марҳум Қилич Бўриев Туркманистон фуқароси экани ва Ўзбекистон фуқароси эмаслиги аниқланганини билдирган.

    Бошқа янгиликлар