Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати Тошкент шаҳрида “квадробер”лар пайдо бўлгани, шу йилнинг 11 октябрь куни итга тақлид қилган “квадробер” йўловчиларга ҳужум қилгани, воқеага гувоҳ бўлган бола қаттиқ қўрқиб кетгани ҳақида хабар берди.
Маълум қилинишича, сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда ёшлар ўртасида ўзини маълум бир ҳайвон қиёфасида акс эттирувчи аксессуарлардан фойдаланган ҳолда ўша жонзотнинг хатти-ҳаракатларига тақлид қилиш кўринишидаги квадроберлик субмаданияти намоён бўлмоқда.
Шу каби воқеалар Қозоғистон, Россия ва Украина ёшлари орасида ҳам кузатилган.
Экспертлар фикрича, квадроберлик бола ўзига ҳайвонларнинг агрессив ҳаракатларини қабул қилишига, ўзини ва атрофдагиларни жароҳатлашига, боланинг ҳали тўла шаклланмаган психикасига зарар етишига ҳамда унинг жамиятдан ажраб қолишига олиб келиши мумкин.
Ачинарлиси, бундай номақбул ҳаракатлар Тошкент шаҳрида ҳам кузатилмоқда. Хусусан, 10 окятбрда ҳайвонлар қиёфасидаги ниқобларни тақиб олган “квадробер” учратилгани, 11 октябрда эса яна бир “квадробер” йўловчиларга итга тақлид қилиб ҳужум қилган, воқеага гувоҳ бўлган бола қаттиқ қўрқиб кетганлиги хабар берилган.
Мазкур ҳолатлар жамиятда юриш туриш қоидаларига зид бўлиб, бу каби хулқ-атворни мутлақо қабул қилиб бўлмайди.
Ички ишлар вазирлиги ота-оналарни ўз фарзандларини ҳар томонлама баркамол қилиб тарбиялаш бўйича ўзларининг маънавий бурчлари ва қонуний мажбуриятларини бажаришга чақирди.
Бола ҳуқуқлари кафолатларини таъминлашга масъул органлардан бири сифатида вазирлик шундай субмаданият намоён бўлиши ҳолатлари ота-оналар томонидан ўз мажбуриятларини бажармаслик сифатида малакаланишини маълум қилди.
Бундан ташқари, квадроберлик боланинг руҳий ва эмоционал соғлиғига қандай таъсир этганлигини аниқлаш мақсадида зарур ҳолларда болаларни махсус психологик кўрикдан (конфиденциал тарзда, болани яккалаш ва дискриминация қилинишига йўл қўймайдиган дўстона усуллар орқали) ўтказиш ҳам талаб этилиши мумкин.