Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев рус тилини билмаган мигрант болаларни мактабга олмасликка чақирди. Бу ҳақда “РБК” хабар берди.
Сиёсатчи тегишли баёнотни миграция сиёсати бўйича йиғилиш якунларида айтган. У рус тилини билмаган болалар “умумий таълим даражасига зарар етказиши”ни билдирган.
Тез-тез муҳокама қилинадиган бир вазият бор, бу ижтимоий функцияли жойлар — мактаблар ва бошқа таълим муассасаларига алоқадор. У ерларга рус тилини билмайдиган болалар келиши натижасида умумий таълим даражаси зарар кўрмоқда. Бу ҳаммага маълум бўлган ҳолат ва бунга чек қўйиш вақти келди, деди у.
22 октябрь куни Свердловск вилоятидаги болалар ҳуқуқлари бўйича комиссар Игор Мороков рус тилини яхши билмайдиган муҳожирларнинг фарзандларини имконияти чекланган болаларга тенглаштиришни таклиф қилганди. У шу тариқа ўқитувчи ва ўқитувчилар учун тегишли шароитлар яратилишини билдирган.