АсосийДУНЁ

Тошкентда заҳарланган қозоғистонлик футболчиларнинг 18 нафари шифохонада қолмоқда

Ҳозирда ҳолат юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

'Тошкентда заҳарланган қозоғистонлик футболчиларнинг 18 нафари шифохонада қолмоқда'ning rasmi

Тошкент шаҳрида оммавий заҳарланиш ҳолатига учраган қозоғистонлик футболчилар ва уларнинг яқинлари билан боғлиқ вазият Болалар омбудсмани назоратига олинди. Бу ҳақда Омбудсман котибияти хабар берди.

Маълум қилинишича, 2026 йил 1 ноябрь куни Чилонзор туманидаги меҳмонхонадан Қозоғистоннинг "Дўстлик" футбол жамоаси аъзолари ва уларнинг яқин қариндошларидан иборат жами 20 нафар фуқаро Республика ихтисослаштирилган эпидемиология, микробиология, паразитология ва юқумли касалликлар илмий-амалий марказига олиб келинган. Улар дастлаб озиқ-овқатдан заҳарланиш гумони билан тиббий муассасага жойлаштирилган.

Дастлабки текширувлар натижасида беморларга ўткир юқумли ичак касаллиги ва овқат токсикоинфекцияси ташхиси қўйилган. Лаборатория таҳлиллари учун улардан тегишли намуналар олинган.

Шунингдек, Санитария-эпидемиология қўмитаси ходимлари томонидан футболчилар жойлашган меҳмонхона ошхонасидан таом ва суртма намуналари олиниб, бактериологик текширувдан ўтказилмоқда.

3 ноябрь ҳолатига кўра, беморларнинг 18 нафари, жумладан, 12 нафар бола ва 6 нафар катта ёшли шахс 5-сонли шаҳар клиник юқумли касалликлар шифохонасида стационар даволанмоқда. Уларнинг аҳволи барқарор деб баҳоланган.

Болалар омбудсмани котибияти вакиллари 2 ноябрь куни шифохонага бориб, болаларнинг аҳволи ва даволаш жараёни билан жойида танишган.

Қайд этилишича, Болалар омбудсмани Қозоғистон Болалар омбудсмани Динара Закиева билан ҳамкорликда зарур чораларни кўрмоқда.

Мазкур ҳолат юзасидан Чилонзор тумани прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 276-13-моддаси 1-қисми (санитарияга оид қонунчиликни ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

    Бошқа янгиликлар