"Ўзбекистон маданият кунлари" ҳафталиги доирасида Москва шаҳридаги Кремл давлат саройида "Вечер звёзд Узбекистана" номли ўзбек санъати усталари иштирокида концерт дастури намойиш этилди.
Ушбу тантанали тадбир ўзбек санъатининг бойлиги ва хилма-хиллигини кўрсатди. Ўзбекистон халқ артистлари Озодбек Назарбеков, Фаррух Зокиров, Зулайхо Бойхонова, Рамиз Усмонов, Гулсанам Мамазоитова, Ойгул Нодирова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Озода Нурсаидова ва Илёс Арабов, Ўзбекистон халқ артисти Камолиддин Ўринбоев бошчилигидаги Ўзбекистон давлат симфоник оркестри ҳамда Мукаррама Турғунбоева номидаги "Баҳор" давлат рақс ансамбли ўзларининг истеъдодларини кўрсатиб, томошабинларни ҳайратга солди.
Концерт дастурида ўзбек халқ қўшиқлари, шунингдек, замонавий мусиқалар ижро этилди. Рақсларнинг жозибадорлиги, мусиқанинг жўшқинлиги ва хонандаларнинг овозларини гўзаллиги томошабинларни ўзига мафтун этди.
"Ватанимни соғиндим…", “Концерт орқали юртимга тушгандай бўлдим”- бу сўзлар ҳамма ўзбекистонликларнинг юрагига яқин. Москва шаҳридаги Кремл саройида бўлиб ўтган концертдаги томошабинлар консертдан сўнг ушу гапларни бот-бот таъкидлади.
Концертни нафақат ўзбекистонлик томошабинлар балки бошқа миллат вакиллари ҳам интиқлик билан кутганини тасвирлар орқали кўришингиз мумкин. Таъкидлаш жоизки, концертнинг муваффақияти ўзбек санъати ва маданиятининг дунё миқёсида танилишининг яна бир далили бўлди.