Ислом сивилизацияси маркази ахборот хизматининг берган хабарига кўра, ташриф давомида “Christie's” аукцион савдо уйининг Ислом ва Ҳиндистон санъати бўлими бошлиғи Сара Пламбли мазкур ташкилот тарихи ва фаолияти билан қисқача таништирди. Ташкилотда мавжуд бир қатор нодир экспонатлар, тасвирий санъат асарлари ҳақида маълумот берди.
Жумладан, Пламбли аукцион уйида сақланаётган айрим қўлёзмаларни меҳмонларга кўрсатди. Улардан бири шарқ мумтоз адабиёти вакили Хожи Кирмоний томонидан 1524 йилда кўчирилган “Хамса” асарининг қўлёзмаси, яна бири Шамсиддин Муҳаммад Ассор томонидан 1494 йилда Табризда кўчирилган “Шамс ва Муштарий” достонидир. Ҳар иккала қўлёзма темурийлар даври китобат санъати таъсирида яратилган.
Шундан сўнг Ислом сивилизацияси маркази вакиллари Лондон шаҳридаги яна бир ауцион савдо уйи – “Sotheby's”га борди. Делегация аъзоларини Ауцион савдолари бўлими раҳбари Бенедикт Картер қабул қилди. Савдо уйи ходимлари Ўзбекистондаги Ислом сивилизацияси маркази вакилларига айни пайтда савдо уйи ихтиёрида бўлган, Марказий Осиё маданий меросига оид осори-атиқалар ҳақида маълумот беришди. Жумладан, VIII асрга мансуб суғдийлар либоси, сомонийлар даврига тегишли бўлган сопол идишлар, қадимий биноларга оид кошинлар, мамлуклар ва темурийлар даврида кўчирилгани тахмин қилинган Қуръони карим қўлёзмалари ҳақида тўхталиб ўтишди.
Ислом сивилизацияси маркази раҳбари аукцион савдо уйлари вакилларига Марказ билан ўзаро ҳамкорликни таклиф қилди. Шунингдек, мазкур аукцион савдо уйлари мутасаддилари 2025 йил март ойида Тошкентда ўтказилиши кўзда тутилган “Халқаро Ислом маданий мерос ҳафталиги”га ҳам таклиф этилди.