13 декабрь куни Қирғизистон Президенти Садир Жапаров Маданият вазири Озодбек Назарбековни қабул қилди.
"Халқларимизни кўп асрлик дўстлик ва яхши қўшничилик ришталари бирлаштириб туради. 1992 йилда дипломатик муносабатлар ўрнатилганидан буён икки томонлама алоқалар янги босқичга кўтарилди ва бу ҳамкорликни мустаҳкамлашда маданият муҳим ўрин тутади", — деди Садир Жапаров.
Қирғизистон Президенти Садир Жапаров 2025 йилда Қирғизистонда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон маданияти кунлари икки халқнинг янада яқинлашишида муҳим воқеа бўлишига ишонч билдирди.
Садир Жапаров Озодбек Назарбековни "Қирғизистон Республикаси халқ артисти" унвони билан тақдирлангани билан табриклаб, унинг мамлакатлар ўртасидаги маданий алоқаларни ривожлантириш ва дўстликни мустаҳкамлашга қўшган улкан ҳиссасини таъкидлади.
"Ижодий йўлингиз кўпчиликни илҳомлантиради. 15 декабрь куни Тўқтўғул Сатилганов номидаги Қирғизистон миллий филармониясида бўлиб ўтадиган сизлар иштирокидаги мусиқий кеча умумий маданий ҳамжиҳатлигимизнинг яна бир ёрқин намунаси бўлади", — деди Қирғизистон Президенти Садир Жапаров.
Озодбек Назарбеков унинг фаолиятига берилган шараф ва юксак баҳо учун самимий миннатдорлик билдириб, икки мамлакат халқлари ўртасидаги қардошлик муносабатларини мустаҳкамлашга интилишини алоҳида таъкидлади.