АсосийСаломатлик

Дунёда безгакка чалиниш ҳолатлари ортмоқда

Экспертлар ўтган йили безгакка чалинганлар сони 2022 йилга нисбатан 11 млн нафарга ортганини аниқлашди.

'Дунёда безгакка чалиниш ҳолатлари ортмоқда'ning rasmi

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг янги ҳисоботига кўра, ўтган йили дунё бўйича безгакка чалинганлар сони 263 миллион нафарни ташкил этган. Экспертлар ушбу кўрсаткич 2022 йилга нисбатан 11 миллион нафарга ортганидан хавотирда.

Шунингдек, беморлардан 597 минг нафари ҳаётдан кўз юмган. Вафот этганларнинг катта қисми 5 ёшгача бўлган болалардир. Эпидемиядан асосан Африка минтақаси аҳолиси азият чекмоқда.

ЖССТ раҳбари Тедрос Гебреесус қайд этганидек, замонавий тиббиёт ютуқлари ҳисобга олинса, ҳеч ким безгакдан ўлмаслиги керак. Ҳозир бунга қарши курашиш воситалари мавжуд. Бу борадаги профилактика, диагностика ва даволаш усуллари самарадорлиги ҳам юқори.

Қолаверса, сўнгги йилларда безгакка қарши иккита вакцина яратилди. Эмлаш орқали ҳар йили ўн минглаб болаларнинг ҳаётини сақлаб қолиш мумкин.

Шунга қарамай, Африка минтақаси аҳолиси, айниқса, болалар ва ҳомиладор аёллар бу касаллик қурбонига айланаётгани ачинарлидир. Экспертлар инфекция ўчоқлари аниқланган мамлакатларга кўмак бериш йўли билан эпидемияни жиловлаш имкони бор, деган фикрда.

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар