Кеча, 17 декабрь куни Россиянинг Москва шаҳрида содир бўлган портлаш қурбони бўлган мамлакат Қуролли кучларининг Радиация, кимёвий ва биологик ҳимоя қўшинлари бошлиғи генерал-лейтенант Игорь Кириллов ва унинг ёрдамчиси Илья Поликарповнинг ўлимида гумон қилиниб, ўзбекистонлик 29 ёшли эркак ушланди. Бу ҳақда Россия Тергов қўмитаси баёнот берди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон фуқароси қўмита томонитан ФХХ ва ИИВ ҳамкорлигида қўлга олинган. Билдирилишича, ўзбекистонлик Украина махсус хизматларининг кўрсатмаси билан Москвага келган ва қўлда ясалган портловчи мосламани Игорь Кириллов яшаган тураржой биносига кираверишда турган электр скутерига қўйган.
Ҳарбий хизматчининг яшаш жойини кузатиш мақсадида у автомашина ижарага олиб, у ерда видеокузатув камерасини ўрнатган. Ушбу камерадан олинган кадрлар Днепр шаҳридаги Украина хавфсизлик хизматига онлайн тарзда узатиб турилган. Ҳарбий эшикдан чиқиб кетаётгани ҳақида видеосигнал олинганидан кейин портловчи қурилма масофадан туриб ишга туширилган”, дейилади хабарда.
Россия Тергов қўмитасининг версиясига кўра, ушбу жиноят учун Ўзбекистон фуқаросига 100 минг доллар миқдорида пул мукофоти ва Европа давлатларидан бирига яшаш учун бориши кафолатланган бўлган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг Москва шаҳридаги портлашда мамлакат Қуролли кучларининг Радиация, кимёвий ва биологик ҳимоя қўшинлари бошлиғи генерал-лейтенант Игорь Кириллов ҳалок бўлганди. Унинг ҳайдовчиси ҳам вафот этган. Портловчи қурилма 200 грамм тротил қувватига эга бўлган, оқибатда уйнинг кириш эшиги ва деразалари синиб кетган, генералнинг хизмат машинаси ҳам шикастланган.