АсосийДунё

Дональд Трамп АҚШ армиясида катта ўзгаришларни жорий этиш бўйича фармонларни имзолади

Президент Трамп ушбу фармонларни Флоридадан Вашингтонга қайтиш чоғида Air Force One ҳаво кемасида имзолаганини маълум қилди.

'Дональд Трамп АҚШ армиясида катта ўзгаришларни жорий этиш бўйича фармонларни имзолади'ning rasmi

АҚШ президенти Дональд Трамп мамлакат қуролли кучларида катта ўзгаришларни назарда тутувчи тўртта ижроий фармонни имзолади. Ушбу фармонлар трансгендер шахсларни армияда хизмат қилишдан тақиқлаш, қуролли кучларда "турфа хиллик, тенглик ва инклюзивлик" дастурларини тўхтатиш, COVID-19га қарши эмланмагани учун ишдан бўшатилган ҳарбийларни лавозимларига тиклаш ҳамда уларга компенсация бериш, АҚШ учун "Темир гумбаз" ҳаво ҳужумларидан мудофаа тизимини яратиш жараёнини бошлаш каби йўналишларни ўз ичига олади.

Президент Трамп ушбу фармонларни Флоридадан Вашингтонга қайтиш чоғида Air Force One ҳаво кемасида имзолаганини маълум қилди.


Трансгендер шахсларга тақиқ
Трамп илк бор 2017 йилда трансгендерларнинг армияда хизмат қилишини тақиқлаган эди. Аммо Жо Байден маъмурияти 2021 йилда ушбу тақиқни бекор қилган эди. Энди эса Трамп иккинчи президентлик муддатининг дастлабки кунларида ушбу тақиқни яна кучайтириш ҳақида қарор қабул қилди. Унинг янги фармони трансгендер шахсларнинг жисмоний ва руҳий ҳолатлари ҳарбий тайёргарлик талабларига мос келмаслиги ҳақидаги асосларга таянган.
DEI дастурлари ва "уйғониш" маданиятига қарши чоралар
Трампнинг янги мудофаа вазири Пит Хегсет душанба куни ўз лавозимига киришар экан, DEI (Diversity, equity, and inclusion – турфа хиллик, тенглик ва инклюзивлик) дастурлари ва "уйғониш" (woke) маданиятини армиядан тўлиқ чиқариб ташлашга қаратилган тадбирларни амалга оширишини таъкидлади. Ушбу йўналишда барча ички дастурлар қайта кўриб чиқилади.
COVID-19 вакцинаси туфайли бўшатилган ҳарбийларни тиклаш
Учинчи ижроий фармонга кўра, COVID-19 вакцинасига қаршилик билдиргани сабабли бўшатилган ҳарбийлар ўз лавозимларига қайта тикланади, уларнинг аввалги унвонлари ва имтиёзлари қайта тикланади.
"Темир гумбаз" тизимини яратиш
Тўртинчи фармон мамлакат учун янги авлод ракеталардан ҳимоя қилиш тизимини ишлаб чиқишни кўзда тутади. Ушбу тизим Исроилнинг машҳур "Темир гумбаз" (Iron Dome) тизими тамойиллари асосида яратилиши режалаштирилган. Ҳужжатда бу ҳимоя тизими АҚШ ҳудудини баллистик, гипертовушли ракеталар ва бошқа замонавий ҳаво ҳужумларидан муҳофаза қилишга мўлжаллангани таъкидланган.
Бу фармонлар Трампнинг қуролли кучларда кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширишга киришганидан далолат беради. Мудофаа вазири Хегсетнинг сўзларига кўра, яқин кунларда янги ижроий фармонлар ҳам кутилмоқда.

                                                                                                                         Абдуллоҳ Саййид

    Бошқа янгиликлар