Конго Демократик Республикасида Эбола вируси билан касалланган беморлар орасида ўлим даражаси 51,6 фоизга етди. Бу ҳақда "Bloomberg" хабар берди.
Мамлакат Миллий жамоат саломатлиги институтининг жорий йил 31 октябрь куни эълон қилган ҳисоботига кўра, эпидемия бошланганидан буён 10 414 нафар кишида Эбола вируси аниқланган. Уларнинг 5 372 нафари вафот этган.
Ўлимлар сонининг кескин ошишига касаллик ўчоғи ҳисобланган Итури вилоятидаги маълумотларни қайта текшириш сабаб бўлган. Текширув давомида эпидемия тарқалган ҳудудлардаги тиббиёт муассасалари маълумотларининг 97 фоизи ўрганилган. Натижада аввалги ҳисоботларга киритилмаган Эбола билан боғлиқ 314 та ўлим ҳолати аниқланиб, умумий статистикага қўшилган.
Шу тариқа, ўлим даражаси икки кун аввалги 48,6 фоиздан 51,6 фоизга кўтарилган. Бу вақт давомида тасдиқланган касалланиш ҳолатлари эса атиги 140 тага ошган.
Айни пайтда вирус мамлакатнинг саккизта вилояти ва 67 та тиббий ҳудудига тарқалган. Соғлиқни сақлаш идоралари ҳар куни ўнлаб янги касалланиш ҳолатлари қайд этилаётганини билдирмоқда.
Қайд этилишича, бу Конго Демократик Республикаси тарихидаги энг йирик Эбола эпидемияси ҳисобланади. Шунингдек, у 2013–2016 йилларда Ғарбий Африкада кузатилган эпидемиядан кейинги дунёдаги энг йирик тарқалишдир. Вирус мамлакат ташқарисига ҳам чиққан, бироқ бошқа давлатларда унинг тарқалиши ҳозирча чекланган.
Эпидемия муносабати билан айрим давлатлар сафар чекловларини кучайтирмоқда. Хусусан, АҚШ 3 ноябрь охиридан бошлаб халқаро рейслар орқали мамлакатга келувчи йўловчилардан сўнгги 21 кун ичида Конго Демократик Республикасида бўлмаганини тасдиқлашни талаб қилади.






