Хитойдаги ҳайвонот боғларидан бирида итларни йўлбарс ва пандага ўхшатиб бўяш ҳолати кузатилди. Бу ҳақда Daily Mail нашри хабар бермоқда.
Хитой ҳайвонот боғи бўялган итларни йўлбарс сифатида кўрсатган. Ўтган йили у ерда чао-чао зотли итларни панда қилиб бўяшган.
Мазкур ҳолат гувоҳлар томонидан видеога олиниб, ижтимоий тармоқларда кенг тарқалган. Сурат ва видеоларда жунлари апельсин ва қора рангларга бўялган, йўлбарсга ўхшатилган итлар ва пандага ўхшаш оқ-қора тусли жонзотлар кўриниб туради. Ҳайвонот боғи маъмурияти бу ҳайвонлар ҳақиқий йўлбарс ва пандалар эмас, балки махсус бўялган итлар эканини тасдиқлади.
Бу ҳолат жамоатчилик ва хайвон ҳуқуқлари ҳимоячилари томонидан кескин танқид қилинди. Одамлар ҳайвонларнинг табиий қиёфасини ўзгартириш ва уларни томоша объектига айлантиришни шафқатсизлик деб баҳоламоқда. Хитойдаги People for Animal Rights ташкилоти ва халқаро PETA гуруҳи мазкур ҳолатни ҳайвонларнинг ҳуқуқларини поймол қилиш деб баҳолади ва ҳайвонот боғини танқид қилди.
Бундан аввал Хитой ҳайвонот боғларида ҳайвонларнинг табиий кўринишини ўзгартириш бўйича турли можаролар юз берган. Масалан, бир неча йил аввал Хэнань провинциясидаги боғда айиқни одам кийимида намойиш қилиш ҳолати кузатилган эди.
Ҳозирча Хитой ҳукуматидан бу ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирилмаган, бироқ ижтимоий тармоқларда бу ҳолат кенг муҳокама қилиняпти.
Абдуллоҳ Саййид