Польша Конституциявий суди раиси Богдан Свиецзковский мамлакатда давлат тўнтариши уюштирилгани ҳақида баёнот берди. Унинг сўзларига кўра, Бош вазир Дональд Туск, парламент раҳбарлари, ҳукмрон коалиция вакиллари, судьялар ҳамда прокурорлар давлат тўнтариши жиноятида гумон қилинаётган шахслар қаторига киритилган. Бу ҳақда Gazeta.pl нашри хабар берган.
"31 январ куни мен 60 саҳифали расмий билдиришномани имзоладим. Унда бош вазир, вазирлар, Сейм ва Сенат спикерлари, судьялар ва бошқа шахсларнинг давлат тўнтариши жиноятига алоқадорлиги ҳақидаги маълумотлар мавжуд", — деди Свиецзковский матбуот анжуманида.
Донаьлд Туск эса бу ҳолатга ғайриодатий тарзда муносабат билдирди. У X ижтимоий тармоғида стол тенниси ўйнаётган видеосини жойлаштирди.
Видеода кимдир унга "Қонун ва Адолат" партияси етакчиси Ярослав Качински уни давлат тўнтаришида айблаётганини айтади. Туск эса кулиб: "Тинчлик бўлсин. Биз буни кейинроқ ҳал қиламиз", — деб жавоб беради ва ўйнашда давом этади.
Польша Президенти Анжей Дуда эса ҳозирги ижро ҳокимияти томонидан қатор жиддий қонунбузарликлар содир этилганини таъкидлади.
Бу воқеалар мамлакатдаги сиёсий инқирозни янада чуқурлаштириши мумкин.
Абдуллоҳ Саййид