АсосийСаломатлик

Инсульт касаллигини тезкор аниқлаш йўли топилди

Инсульт ўлим кўрсаткичи юқорилиги бўйича дунёда юрак-қон томир ва онкологик хасталиклардан кейинги ўринда туради.

'Инсульт касаллигини тезкор аниқлаш йўли топилди'ning rasmi

 Инсульт — мияда қон айланишининг ўткир бузилиши билан кечадиган хавфли касаллик. У ўлим кўрсаткичи юқорилиги бўйича дунёда юрак-қон томир ва онкологик хасталиклардан кейинги ўринда туради. 

Бу патологиянинг икки тури мавжуд — ишемик ва геморрагик. Ишемик инсульт миядаги қон томирига тромблар тиқилиб қолиши, геморрагик тури эса мияга қон қуйилиши билан фарқланади. 

Тиббий амалиётда касалликни ташхислашда асосан компьютер томографияси ва магнит-резонанс томография (МРТ) технологияларидан фойдаланади. Бу эса маълум вақтни талаб этади. 

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизматига кўра, Буюк Британия олимлари томонидан қондаги GFAP оқсили концентрацияси ёрдамида инсульт касаллиги турини тезкор аниқловчи тиббий таҳлил усули яратилди. Ушбу тадқиқот натижалари Америка юрак касалликлари ассоциацияси сайтида эълон қилинди. 

Қайд этилишича, ушбу янги диагностика усули беморни шифохонага олиб боргунга қадар инсульт келиб чиқишига қон қуйилиши ёки қон ивиши сабаб бўлганини зудлик билан аниқлаш имконини беради.

Тадқиқот давомида мияга қон қуйилиши қайд этилган беморларда GFAP даражаси қон ивиши туфайли келиб чиққан инсультни бошдан кечирганларга нисбатан қарийб етти баравар юқори бўлиши ўрганилди. 

Эътиборли жиҳати, янги ташхис усулини бемор госпитализация қилинишидан аввал қўллаш мумкин. Таҳлил жавоблари бир неча дақиқада тайёр бўлади. 

Бу эса тегишли муолажаларни тезкор равишда бошлаш ва бемор ҳаётини сақлаб қолиш ҳамда касаллик асоратларини камайтириш имконини беради. 

    Бошқа янгиликлар