Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 11 февраль куни Россия Федерацияси Президенти Администрацияси раҳбарининг ўринбосари Максим Орешкин бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Учрашув аввалида Максим Орешкин давлатимиз раҳбарига Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Ўтган йил май ойида Ўзбекистонга амалга оширилган давлат ташрифи ва бошқа олий даражадаги мулоқотлар давомида эришилган келишувларни тасдиқланган "йўл харитаси"га мувофиқ амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.
Савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг ривожланиш суръатини сақлаб қолиш, саноат кооперацияси ва электрон тижорат лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, сув хўжалиги, олий таълим ва муҳандис кадрлар тайёрлаш, сунъий интеллект, маданий алмашинув ва спорт соҳаларида амалий ҳамкорликни кенгайтириш бўйича комплекс чоралар кўришга алоҳида эътибор қаратилди.