Ижтимоий тармоқларда “Қўқон шаҳар 51-мавзесида соғлом чинор дарахти ҳеч қандай асоссиз кесилди” мавзусида тарқалган хабарга Фарғона вилоят Экология бошқармаси томонидан расмий муносабат билдирилди.
Олиб борилган суриштирув ишлари давомида аниқланишича, жорий йилнинг 13 февраль куни Учкўприк тумани, "Фаровон" МФЙ, Калтасой қишлоғида яшовчи фуқаролар— Т. Б ва унинг таниши, У. Д Қўқон шаҳар, "Зилол" МФЙ, А. Т. Хуқандий мавзесидаги кўп қаватли уйлар олдида турган чинор дарахтини қасддан шикастлаб, уни нобуд қилган.
Мазкур шахслар аниқланиб, уларнинг ҳаракатларида Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) билан ҳуқуқбузарлик содир этилгани сабабли, уларнинг ҳар бирига маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Шунингдек, чинор дарахтини кесиш ҳолати бўйича Қўқон шаҳар ИИБ Тергов бўлими томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилиб, мазкур фуқароларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 198-моддаси (яшил зоналарда дарахтлар ва буталарни ноқонуний кесиш ёки шикастлаш) бўйича жиноят иши қўзғатилди.






