Агар Россия бунга қаршилик қилмаса, Буюк Британия тинчликпарварлик миссияси доирасида Украина осмонида патруллик қилиш учун Қироллик ҳаво кучларининг Typhoon қирувчиларини юбориши мумкин. Бу ҳақда кеча, 18 февраль “The Times” газетаси хабар берди.
Нашр расмий Лондон учун қуруқликдаги “тинчликпарвар кучлар”га минглаб аскарларни жалб қилишдан кўра, қирувчи cамолётларни юбориш осонроқ бўлишини ёзган. Шунинг учун ҳаво кучини харажатларни камайтиришнинг муқобил варианти сифатида кўриб чиқиш мумкин.
Шу билан бирга, нашр суҳбатдошлари “ҳаво патруль миссияси”ни амалга ошириш учун катта сармоя, жумладан, самолётларнинг ўзлари ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини етказиб бериш талаб қилинишини таъкидлаган.
Бундан ташқари, унда Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавровнинг ҳар қандай тинчлик келишуви доирасида НАТО кучларининг Украинага жойлаштирилиши Москва учун номақбуллиги ҳақидаги баёнотлари эсга олинган.
Қайд этилишича, Украина осмонида патруллик қилиш бўйича таклиф этилаётган миссия НАТОнинг Болтиқбўйи мамлакатларидаги ўхшаш миссиялари модели бўйича ташкил этилиши мумкин. Қироллик ҳаво кучларидаги манбанинг “The Times” нашрига айтишича, бу вариант Украина узра парвозлар тақиқланган ҳудуд яратишдан кўра кўпроқ, чунки бунинг учун самолётлар ҳаво бўшлиғини суткада 24 соат назорат қилиши керак.
Ўз навбатида, нашрга гапирган Буюк Британия ҳукуматидаги манбанинг таъкидлашича, “ҳаво полицияси” миссияси мақсадга мувофиқ бўлади, аммо бунинг учун жуда кўп сонли қирувчи самолётлар, шунингдек уларни ҳимоя қилиш учун ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари керак бўлади.
Назарий жиҳатдан ўнлаб Typhoon қирувчи самолётлари Россиянинг ҳар қандай ҳужумларини қайтариш учун тайёр ҳолатга келтирилиши мумкин, шу билан бирга Британия ва бошқа Европа давлатларидан келган кичик қуруқликдаги “тинчликпарвар кучлар” ерда ҳимояни таъминлай олади. Яна бир манба трансчегаравий ҳужумларни қуруқликдаги кучлар эмас, балки мураккаб технологиялар ёрдамида кузатиш мумкинлигига ишора қилган.