АсосийДунё

Истанбулда кучли қор ёғмоқда

Ноқулай об-ҳаво шароити туфайли юзлаб авиарейслар бекор қилинди.

'Истанбулда кучли қор ёғмоқда'ning rasmi

Туркиянинг Истанбул шаҳрида 19-21 февраль кунлари кучли қор ёғиши муносабати билан Истанбул халқаро аэропорти ва Сабиҳа Гўкчен аэропортларида Ўзбекистондан ва бошқа мамлакатлардан юзлаб авиарейслар бекор қилинмоқда. Бу ҳақда Туркия Транспорт ва инфратузилма вазирлигига таяниб, “Anadolu Agency” хабар берди.

Қайд этилишича, Истанбул халқаро аэропортида кеча, 19 февраль куни 15 фоизгача, 21 февраль куни эса 20 фоизгача рейслар қисқартирилиши белгиланган.

“Turkish Airlines ҳар куни ўртача 1000 та рейс амалга ошириши ҳисобга олинса, 19 февраль куни тахминан 150 та, 21 февраль куни эса 200 га яқин рейснинг бекор қилиниши кутилмоқда. Ушбу рақамларга доимий равишда ўзгариб бораётган метеорологик шароитга қараб аниқлик киритилади”, дейилади баёнотда.

Сабиҳа Гўкчен аэропорти бўйича эса 19 февраль куни ҳеч қандай рейс бекор қилинмаслиги ҳақида қарор қабул қилинган. Аммо бугун, 20 февраль куни эҳтиёт чораси сифатида рейсларнинг 10 фоизи бекор қилиниши белгиланган. Ушбу доирада Pegasus авиакомпанияси 46 та, Ajet эса 22 та рейсни бекор қилади.

“21 февраль, жума куни учун ҳам рейслар таҳлил қилинган бўлиб, ушбу кунда 15 фоизга яқин рейс бекор қилинади. Шу доирада Pegasus 68 та, Ajet эса 34 та рейсни бекор қилишга қарор қилди”, дейилади хабарда.

Шунингдек, ҳар икки аэропортда ҳам парвоз экипажларининг иш графиги авиакомпаниялар томонидан қайта кўриб чиқилган, оғир иш жадвалига эга экипажларга ўзгартиришлар киритилган. Навбатчи экипажлар сони оширилган ва керакли чоралар авиакомпаниялар томонидан амалга оширилмоқда.

Ушбу ноқулай об-ҳаво шароити туфайли 20, 21, 22 февраль кунлари Uzbekistan Airways ҳам Тошкент – Истанбул – Тошкент йўналиши бўйича HY281/282 авиақатновларини бекор қилишга мажбур бўлган.

Бекор қилинган авиақатновлар йўловчилари ташуви юқорида келтирилган саналарнинг кундузги вақтида амалга ошириладиган HY271/272 ва HY273/274 авиақатновлари орқали режалаштирилган. 

“Мураккаб об-ҳаво шароити ва ёғингарчилик кутилаётганини ҳисобга олган ҳолда йўловчилардан парвозга рўйхатдан ўтиш учун олдинроқ келишларини сўраймиз. Қарор Метеорология авиациясини мувофиқлаштириш қўмитасининг жорий йил 18 февралдаги Истанбул халқаро аэропортидаги инқирозли вазият бўйича мажбурий ва тавсиявий талаблари асосида қабул қилинган”, дейилади хабарда.

    Бошқа янгиликлар