Бугун, 3 мартга ўтар кечаси Украина армияси Россиянинг Уфа шаҳридаги маҳаллий нефтни қайта ишлаш заводига зарба берди. Бу ҳақда “The Moscow Times” хабар берди.
Маҳаллий аҳолига кўра, портлашдан аввал Бирск тракти ҳудудида жойлашган нефть заводи атрофида дронларнинг шовқини эшитилган. Бошқирдистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги (ФВВ) ёнғин юз берганини тасдиқлаган, бироқ унинг сабабини очиқламаган. Идора вакиллари ёнғин завод ҳудудидаги “ёқиш печи” жойлашган қисмда содир бўлганини билдирган.
“Атрофдаги аҳоли яшаш пунктларига хавф йўқ”, дея таъкидлаган вазирлик.
“Astra” эълон қилган кузатув камераларидаги ёзувларга кўра, заводга ҳужум маҳаллий вақт билан соат 02:38 да содир бўлган. Украинанинг OSINT лойиҳаси олиб борган таҳлилларга кўра, завод ҳудудида Л-24-7 қурилмаси шикастланган. Шунингдек, нефть маҳсулотларини сақлаш иншоотларига тўғридан тўғри зарба берилгани қайд этилган, хусусан икки вертикал пўлат резервуар шикастланган. Бундан ташқари, РВСП-2000 туридаги учинчи резервуар детонация қилингани ва хомашё етказиб берувчи икки магистраль қувурни вайрон бўлгани аниқланган.
Уфа нефтни қайта ишлаш заводи 1935 йилда ташкил этилган. 2012 йилда у номини “Башнефт – Уфанефтехим” деб ўзгартирган. Корхона “Башнефть” нефтни қайта ишлаш мажмуаси таркибига киради ва унинг умумий қуввати йилига 23,5 миллион тоннани ташкил этади. Мажмуа таркибига “Уфаоргсинтез” ва “Шкаповское ГПП” газни қайта ишлаш заводи ҳам киради.