Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳисоботига кўра, дунё бўйича йилига 2,3 миллион нафардан ортиқ аёлга кўкрак бези саратони ташхиси қўйилмоқда. Бу ҳақда ССВ матбуот хизмати хабар қилди.
Агар ўсиш тенденциялари шундай давом этса, 2050 йилга бориб, бу касалликка чалинганлар сони 38 фоизга, ўлим даражаси эса 68 фоизга ошиши мумкин.
Экспертлар хулосасига кўра, бу хастакликнинг кўпайиши қатор омиллар билан боғлиқ. Ёш кўрсаткичлари ва генетик факторлар шулар орасида етакчилик қилади.
Шунингдек, носоғлом турмуш тарзи, хусусан, спиртли ичимликлар истеъмоли, камҳаракатлик ва ортиқча вазн ҳам касалликнинг ривожланишига сабаб бўлади.
Тадқиқотчилар фикрича, соғлом турмуш тарзига риоя қилиш орқали хасталикка чалиниш кўрсаткичини қарийб 25 фоизга камайтириш мумкин.
Қолаверса, дунё бўйича 29 та мамлакатда кўкрак бези саратонидан ўлим даражаси сезиларли даражада камайган. Бу — эрта босқичдаги скрининг дастурлари ва даволаниш самарадорлиги ошгани билан изоҳланмоқда.