Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева вилоят наркология муассасаси фаолияти билан танишди. Бу ҳақда у ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилди.
Унинг таъкидлашича, ташрифдан мақсад соҳадаги мавжуд вазиятни жойида ўрганиш ва ўзгаришларни энг мураккаб нуқталардан бошлашдан иборат.
«Муносиб шароит ва малакали ёрдам билан бирга самимий эътибор ҳам беморга куч беради. Баъзан бир оғиз далда кишида ишонч ва умид уйғотади. Ҳеч ким ёрдам сўрашдан чўчимаслиги, дарди билан ёлғиз қолмаслиги керак», — деб ёзди Саида Мирзиёева.
Қайд этилишича, касалликларнинг олдини олиш, даволаш ва реабилитация жараёнларини қамраб олган, турли соҳа мутахассислари ягона жамоа сифатида фаолият юритадиган тизим яратиш мақсад қилинган.
Шунингдек, маҳаллий ва халқаро экспертлар билан ҳамкорликда соҳани тубдан янгилашга қаратилган махсус дастур ишлаб чиқилиши режалаштирилган. Унда инсон қадри, унинг саломатлиги ва соғлом ҳаётга қайтишига кўмаклашиш устувор вазифа бўлади.






