Bitcoin АҚШнинг стратегик захирасига айланди.
Энди Bitcoin АҚШнинг стратегик захираси ҳисобланади. АҚШ президенти Дональд Трамп Strategic Bitcoin Reserve — миллий биткоин захирасини яратиш тўғрисидаги фармонга имзо чекди.
Фармонга мувофиқ, жиноий ва фуқаролик ишлари доирасида мусодара қилинган биткоинлар (BTC) энди сотилмайди. Улар йиғилади ва олтин каби АҚШнинг стратегик захира активи сифатида қаралади.
Захира федерал агентликлар балансидаги 200 минг BTC ҳисобидан тўлдирилади. Улар қиймати тахминан 17,5 миллиард долларга баҳоланмоқда.
Шу билан бирга, давлат биткоинни бюджет маблағларидан харид қилмайди, лекин Молия вазирлиги ва Савдо вазирлиги уни йўқотишларсиз жамғариш стратегиясини ишлаб чиқиш мажбуриятини зиммасига олади.
Бошқа рақамли активлар, жумладан Ethereum, Solana ва XRP алоҳида жамғармага киритилади, аммо давлат уларни ҳам сотиб олмайди.
Трамп маъмуриятининг таъкидлашича, авваллари АҚШ идоралари мусодара қилинган криптоактивларни самарали бошқармаган. Охирги 10 йил ичида федерал агентликлар 195 минг BTC’ни 366 миллион долларга сотган, бироқ бугунги кунда уларнинг қиймати 17 миллиард долларга етиши мумкин эди.
Абдуллоҳ Саййид