АсосийДУНЁ

Эрон билан уруш АҚШга 47,1 млрд долларга тушди

Қонун чиқарувчиларнинг ҳисоб-китобларига кўра, мазкур объектларни қайта тиклашга қарор қилинса, қўшимча харажатлар ўнлаб миллиард долларга етиши мумкин.

'Эрон билан уруш АҚШга 47,1 млрд долларга тушди'ning rasmi

АҚШнинг Эронга қарши ҳарбий амалиётлари учун сарфлаган маблағи 47,1 миллиард долларга етди. Шу билан бирга, Дональд Трамп маъмурияти уруш харажатларини қоплаш ва ҳарбий салоҳиятни тиклаш учун қўшимча 70 миллиард долларгача маблағ сўрамоқда. Бу ҳақда "Zamon.uz" маълум қилди.

АҚШ Мудофаа вазирлигининг 16 октябрь ҳолатидаги ҳисоб-китобларига кўра, умумий харажатларнинг 60 фоиздан ортиғи бомбалар, ракеталар ва бошқа ўқ-дориларга сарфланган. Пентагоннинг аввалги ҳисоботи эълон қилинганидан кейинги қарийб олти ҳафта давомида харажатлар яна 3,5 миллиард долларга ошган.

Ҳисоботга кўра, АҚШ Ҳаво кучлари қирувчи ва бомбардимончи самолётлар эскадронларини қўллаб-қувватлаш учун 7,6 миллиард доллар сарфлаган. Денгиз кучлари эса Эрон яқинида, жумладан, авианосецлар ҳам бўлган 20 дан ортиқ ҳарбий кемани жойлаштиришга 1,5 миллиард доллар йўналтирган.

АҚШ армиясининг минтақадаги қўшинларини сақлаш харажатлари 2,1 миллиард долларни ташкил этган. Шикастланган ёки йўқ қилинган жанговар самолётлар ва бошқа ҳарбий техникалар ўрнини тўлдириш учун эса 6,1 миллиард доллар сарфланган.

Ўқ-дориларга 29 млрд доллар сарфланган

Ҳисоботда келтирилишича, 28 февралда бошланган ҳарбий амалиётлардан буён ўқ-дорилар учун жами 29 миллиард доллар йўналтирилган. Бу эса "Patriot" ҳаво мудофаа тизимлари учун ракеталар каби айрим муҳим қурол-яроғ захираларининг камайишига олиб келган.

Шунингдек, АҚШ Осиё ва Европадаги ҳарбий қўмондонликларидан ресурсларни қайта тақсимлашга мажбур бўлган. Минтақада бир неча минг махсус операция кучларини жойлаштириш ва уларни қўллаб-қувватлаш учун ҳам 645 миллион доллар сарфланган.

Урушнинг ҳақиқий қиймати бундан ҳам юқори бўлиши мумкин

"Zamon.uz" маълумотига кўра, Конгресс вакиллари Пентагон тақдим этган ҳисоб-китобларда айрим харажатлар акс этмаган бўлиши мумкинлигини билдирган. Жумладан, ёқилғи ва бошқа эҳтиёжлар учун мўлжалланган 1,5 миллиард доллар ҳисобга киритилмагани айтилган.

Бундан ташқари, Эрон ҳужумлари оқибатида шикастланган ёки вайрон бўлган АҚШ ҳарбий иншоотларини тиклаш харажатлари ҳам ҳисоботда акс этмаган. Улар орасида Баҳрайндаги Манама денгиз базаси ҳам бор.

Қонун чиқарувчиларнинг ҳисоб-китобларига кўра, мазкур объектларни қайта тиклашга қарор қилинса, қўшимча харажатлар ўнлаб миллиард долларга етиши мумкин.

Шу билан бирга, Пентагон раҳбари Пит Ҳегсет ва Дональд Трамп маъмурияти уруш билан боғлиқ харажатларни қоплаш, янги қурол-яроғ харид қилиш ҳамда ҳарбий хизматчилар билан таъминлаш мақсадида қўшимча 70 миллиард долларгача маблағ сўрамоқда.

Қайд этиш жоизки, 47,1 миллиард долларлик ҳисоб-китоб 16 октябрь ҳолатига тегишли. Ҳарбий иншоотларни тиклаш харажатлари унга тўлиқ киритилмагани сабабли, АҚШнинг уруш билан боғлиқ умумий сарф-харажатлари бундан ҳам юқори бўлиши мумкин.

    Бошқа янгиликлар