Фарғона вилояти ва Тошкент шаҳрида ноқонуний босмахоналар фаолиятига чек қўйилди. Улардан 26 мингдан ортиқ контрафакт диний адабиётлар, шунингдек, Фарғонада 216 минг дона пиротехника воситаси олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Давлат хавфсизлик хизматининг Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ходимлари вилоят Ички ишлар бошқармаси билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказган.
Тадбир давомида Бувайда туманида яшовчи, 1986 йилда туғилган фуқаро қариндошлари билан биргаликда ноқонуний босмахона ташкил этгани аниқланган. Улар тегишли лицензия ва рухсатномаларсиз диний мазмундаги китобларни чоп этиш билан шуғулланган.
Ушбу манзилдан 17 минг 579 дона тайёр китоб, 500 килограммдан ортиқ ярим тайёр контрафакт китоблар ҳамда тўртта босма ва елимлаш ускунаси ашёвий далил сифатида олинган. Шунингдек, 216 минг дона пиротехника воситаси ҳам мусодара қилинган.
Шунга ўхшаш ҳолат Тошкент шаҳрининг Янгихаёт туманида ҳам аниқланган. 1981 йилда туғилган фуқарога тегишли ноқонуний босмахонадан 8,5 мингдан ортиқ контрафакт диний адабиёт процессуал тартибда расмийлаштирилиб олинган.






