Фаластин ҳаракати гаровга олинганларни озод қилишни давом эттирмаса, Исроил ҲАМАСга босимни кучайтиришга ва жанговар ҳаракатларни қайта бошлашга тайёрланмоқда.
Исроил Ғазо секторида жанговар ҳаракатларни қайта бошласа, ҲАМАС гаровга олинганларнинг бир қисмини ўлдириш билан таҳдид қилмоқда. "Фаластин халқига қарши тажовузнинг ҳар қандай кучайиши бир қатор ўғирланганларнинг ўлдирилишига олиб келади," - деди ҲАМАС вакили Абу Убайда видеомурожаатида. Бу ҳақда dw.com нашри хабар берди.
Исроил расмийларига кўра, Ғазодаги исломчилар 24 кишини гаровга олишда ва ўғирланганларнинг 35 жасадини ушлаб туришда давом этмоқда. Исроил томони маълумотларига кўра, тирик асирлар орасида Исроил ва Германия фуқаролигига эга ёш аскар ва Таиланд фуқароси бор, дея қайд этади агентлик.
Аввалроқ гаровга олинганлар ҲАМАС ва бошқа исломий гуруҳлар томонидан шафқатсиз муносабатда бўлингани ҳақида хабар берган эди. Ҳали ҳам асирликда қолаётганларнинг оилалари улар учун вақт тугаб бораётганидан хавотирда, деб ёзади dpa.
Маълумот ўрнида, Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги сулҳнинг биринчи босқичи 1 март куни якунланди, бироқ томонлар келишувни узайтириш бўйича ҳали келишиб олмаган. Фаластин ҳаракати гаровга олинганларни озод қилишни давом эттирмаса, Исроил ҲАМАСга босимни кучайтиришга, жумладан, жанговар ҳаракатларни қайта бошлашга тайёрланмоқда.