АсосийДУНЁ

Бухорода 60 миллион долларлик Конгресс-холл ва иккита йирик меҳмонхона қурилмоқда

Президент Шавкат Мирзиёев Бухоро шаҳрида барпо этилаётган Конгресс-холл мажмуаси ҳамда замонавий меҳмонхоналар қурилиши билан танишди.

'Бухорода 60 миллион долларлик Конгресс-холл ва иккита йирик меҳмонхона қурилмоқда'ning rasmi

Сўнгги йилларда Ўзбекистонга келаётган хорижий сайёҳлар оқими сезиларли даражада ошган. Хусусан, 2025 йилда мамлакатга ташриф буюрган сайёҳлар сони 2016 йилга нисбатан қарийб олти баробарга, туризм хизматлари экспорти эса 11 баробарга кўпайган. Бу эса йирик халқаро тадбирларни қабул қилишга мўлжалланган инфратузилмани кенгайтириш заруратини юзага келтирмоқда.

Умумий қиймати 60 миллион доллар бўлган Конгресс-холл лойиҳаси доирасида 14,5 минг квадрат метр майдонга эга бино қурилмоқда. Мажмуада халқаро форумлар, олий даражадаги учрашувлар ва йирик анжуманларни ўтказиш режалаштирилган. Айни вақтда бинода асосий бетонлаштириш ишлари якунланган, ташқи муҳандислик тармоқлари, фасад ва том қисмини барпо этиш ишлари давом этмоқда.

Шунингдек, ҳудудда 37 миллион долларлик «Hilton Garden Inn» меҳмонхонаси қурилмоқда. Етти қаватли иншоот 212 та меҳмонхона хонаси ва ер ости автотураргоҳига эга бўлади. Ҳозирда асосий конструкциялар қуриб битказилган бўлиб, ички деворлар, муҳандислик тармоқлари ҳамда фасад ишлари олиб борилмоқда.

Яна бир лойиҳа — қиймати 39,6 миллион доллар бўлган «Holiday Inn» меҳмонхонаси. Етти қаватли, 212 хонали меҳмонхона билан бир қаторда икки қаватли бизнес маркази ҳам барпо этилмоқда. Ҳозирда меҳмонхонада томни монтаж қилиш ва ички деворларни қуриш, бизнес маркази ертўласида эса бетонлаштириш ишлари давом этяпти.

Давлат раҳбари қурилиш жараёнлари билан танишар экан, мазкур объектлар Бухоронинг халқаро анжуманларга мезбонлик қилиш салоҳиятини ошириш, сайёҳлар учун хизматлар кўламини кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Қайд этилишича, бу каби лойиҳалар нафақат туризм ривожига, балки янги иш ўринлари яратилиши, аҳоли даромадлари ошиши ва вилоят иқтисодиёти юксалишига ҳам хизмат қилади.

Президент қурилиш ишларини белгиланган муддатларда, сифат талабларига қатъий риоя қилган ҳолда якунлаш бўйича масъулларга топшириқлар берди.

    Бошқа янгиликлар