АҚШ Давлат департаменти яқин ойларда асосан Ғарбий Европада жойлашган ўнга яқин консулликларни ёпишга тайёргарлик кўрмоқда ва ўз ишчи кучи миқдорини бутун дунё бўйлаб қисқартиришни режалаштирмоқда, деб хабар берди бир нечта америкалик расмийлар.
Манбаларга кўра, АҚШ Давлат департаменти, шунингдек, Вашингтондаги бош қароргоҳида инсон ҳуқуқлари, қочқинлар, халқаро жиноят адлияси, аёллар масалалари ва одам савдосига қарши кураш бўйича иш олиб бораётган бир қанча эксперт бюроларини бирлаштириш имкониятларини ҳам ўрганмоқда.
Ўтган ойда Reuters хабар беришича, АҚШ маъмурияти ўзининг дунё бўйлаб дипломатик ваколатхоналаридан америкалик ва маҳаллий ишчиларни камида 10 фоизга қисқартириш имкониятларини кўриб чиқишни сўраган. Бу чоралар Трамп ва миллиардер Илон Маск томонидан АҚШ федерал ишчи кучини кескин қисқартириш йўлида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларнинг бир қисми сифатида баҳоланмоқда.
Республикачи президент ўз бюрократиясини "Америка биринчи навбатда" сиёсатига тўлиқ мослаштиришни истаяпти. Шу мақсадда у ўтган ойда АҚШ ташқи хизматларини қайта кўриб чиқиш тўғрисида фармон чиқариб, ташқи сиёсат дастурини "сидқидилдан ва самарали" амалга оширишни таъминлашга уринмоқда.
Трамп сайловолди кампанияси давомида бир неча бор бюрократик аппаратни тозалашни ва номуносиб деб ҳисоблаган амалдорларни ишдан бўшатишни ваъда қилган эди.
Танқидчиларнинг фикрича, АҚШ дипломатик фаолияти ва халқаро тараққиёт бўйича агентликларининг қисқариши дунё бўйлаб миллиардлаб долларлик ёрдам дастурларини йўққа чиқариб, Америка етакчилигини заифлаштириши ва бундай вакуумни Хитой ёки Россия каби рақиблар тўлдириши мумкин.
Трамп ва Маск эса, аксинча, АҚШ ҳукумат тизими ҳаддан ташқари улкан эканини ва Америка солиқ тўловчилари маблағлари исрофгарчилик ҳамда коррупцияга дучор бӯлаётганини даъво қилмоқда.
Расмийдарга кўра, биринчи навбатда Германиядаги Лейпциг, Гамбург ва Дюссельдорф, Франциядаги Бордо, Ренн, Лион ва Страсбург, шунингдек, Италиядаги Флоренция каби шаҳарларда жойлашган бир қанча кичик консулликлар ёпилиши мумкин. Бироқ уч нафар расмийнинг айтишича, бу қарор ҳали ўзгариши мумкин, чунки айрим ходимлар консулликларни ёпмаслик учун далиллар келтирмоқда.
Шунингдек, Бразилиянинг Белу-Оризонти ва Португалиянинг Понта-Делгада шаҳарларидаги АҚШ консулликлари ҳам ёпиладиган муассасалар рўйхатига киритилган.
"Давлат департаменти америкаликлар манфаатлари йўлида замонавий муаммоларга муносиб жавоб бериш учун дунё бўйлаб ўз мавқеини қайта баҳолашда давом этмоқда", деди Давлат департаменти вакили.
Расмийларнинг маълум қилишича, Давлат департаменти душанба куни Конгрессга Туркиянинг жануби-шарқида жойлашган Ғозиантеп шаҳридаги филиалини ёпиш нияти борлигини маълум қилган. Вашингтон ушбу ваколатхона орқали Суриянинг шимолидаги гуманитар лойиҳаларни қўллаб-қувватлаб келаётган эди.
Абдуллоҳ Саййид