Германиянинг 13 та аэропортида ходимларнинг бир кунлик огоҳлантирувчи иш ташлаши бошланди. Оқибатда 3 минг 400 дан ортиқ рейс бекор қилинади ва тахминан 510 минг йўловчи зарар кўради. Бу ҳақда Германия касаба уюшмаси вакилига таяниб, “Deutsche Welle” хабар берди.
Ver.di касаба уюшмаси томонидан уюштирилган иш ташлаш Берлин – Бранденбург, Штуттгарт, Кельн/Бонн, Дюссельдорф, Дортмунд, Мюнхен, Гамбург, Франкфурт-Майн, Ҳанновер, Бремен ва Лейптсиг/Галле аэропортларига таъсир қилади. Веце ҳамда Карлсруэ/Баден-Баден аэропортларида эса фақат йўловчилар, ходимлар, юк ва товарларни назорат қилиш ҳамда хизмат кўрсатиш бўлимларида ишловчи хавфсизлик ходимлари норозилик намойишига қўшилади.
Германия аэропортлари ассоциацияси ҳисоб-китобига кўра, Ver.di томонидан эълон қилинган 24 соатлик иш ташлаш сабаб 3 минг 400 дан ортиқ рейс бекор қилинади ва тахминан 510 минг йўловчи зарар кўради.
Касаба уюшмаси маошларнинг 8 фоизга оширилишини, бироқ камида 350 евродан кам бўлмаслигини талаб қилмоқда. Шунингдек, оғир меҳнат шароитлари учун устама ҳақлар оширилиши ва ходимларга қўшимча дам олиш кунлари берилиши сўралмоқда. Ver.di баёнотида таъкидланишича, иш ташлаш “тахминан 25 минг ходимнинг меҳнат шароитларини яхшилаш” учун зарур.