Эрон президенти Масъуд Пезешкиён Америка президенти Дональд Трамп билан музокаралар ўтказишдан бош тортди. Бу қарор Эрон олий етакчиси Оятуллоҳ Али Хаменеи томонидан билдирилган позиция асосида қабул қилинган.
Пезешкиён мамлакат парламентидаги чиқиши чоғида шундай баёнот берган.
"Мен аввалроқ музокаралар ўтказиш манфаатли бўлиши мумкин, деб ўйлаган эдим. Бироқ, Инқилоб раҳбари АҚШ билан музокаралар олиб борилмаслигини аниқ айтди, ва мен ҳам бу позицияни қўллаб-қувватлайман.", деган Эрон президенти.
Шу билан бирга, Пезешкиён Эрон ҳукуматининг халқаро майдондаги муаммоларни ҳал этиш учун "муносиб йўлларни излашда" давом этишини таъкидлади.
Аввалроқ Эрон Ҳаво кучлари ва Ҳаво ҳужумига қарши мудофаа армияси қўмондонлари билан учрашувда Эрон диний раҳнамоси ва диний етакчиси Оятуллоҳ Али Ҳоманаий АҚШ билан музокараларни "ақлсиз қарор" деб атади ва уларнинг Эрон муаммоларини ҳал қилишда самара бермаслигини таъкидлади.
"Биз 1990-йилларда АҚШ ва қатор давлатлар билан икки йил давомида музокаралар олиб борган эдик. Шартнома тузилган бўлса-да, Америка томони уни бузди. Улар биз билан келишувларга амал қилмайдилар", - деди Ҳоманаий. Шунингдек, у Эроннинг АҚШ томонидан ҳар қандай таҳдидларга қатъий жавоб қайтаришини билдирди.
Эрон томонининг бундай кеский баёнотлари АҚШ президенти Дональд Трампнинг Эронга нисбатан "максимал босим" сиёсатини қайта йўлга қўйишга тайёргарлик кўраётгани фонида янграмоқда.
Бундай сиёсат Эроннинг нефть экспортини нолга тушириш ва ядро дастурини чеклашни кўзда тутади. Мазкур сиёсат доирасида АҚШ Молия вазирига Эронга қарши санкцияларни кучайтириш ва уларни қўллаш механизмларини такомиллаштириш топширилган. Бундан ташқари, Вашингтон Эроннинг экспорт имкониятларини чеклашга қаратилган янги чораларни ишлаб чиқмоқда. Reuters агентлиги маълумотларига кўра, 2023 йилда Эрон нефть экспортидан 53 миллиард доллар даромад олган.
Абдуллоҳ Саййид