Покистоннинг жануби-ғарбида милитантлар томонидан гаравга олинган поезддаги йўловчилар ёнида худкушлик камарини таққан жангарилар ўтирибди, бу эса қутқарув операциясини мураккаблаштирмоқда. Манбаларнинг маълум қилишича, поездда гаровга олинганлар йўловчиларнинг 155 нафари қутқарилди, қолганлари ҳамон жангарилар қўлида асирликда қолмоқда.
Бундай йирик гаровга олиш ҳодисаси Покистон тарихида биринчи бор учраяпти. Маълумки, сешанба – 11 март куни сепаратист жангарилар Кветта—Пешовар йўналишида ҳаракатланаётган Jaffar Express поездига ҳужум қилиб, темир йўл қатновини тўхтатиб қўйди. Ҳужумчилар темир йўлни портлатиб, поездга ўқ узган.
Яқинда Покистон хавфсизлик кучлари 155 йўловчини қутқаргани ҳақида маълум қилди. Бироқ, ҳали ҳам номаълум миқдордаги одамлар гаравда сақланмоқда. Ҳукумат маълумотларига кўра, уларни қутқариш учун кенг қамровли хавфсизлик амалиёти давом этмоқда.
Ҳужум учун Белужистон Озодлик Армияси (BLA) масъулиятни ўз зиммасига олди ва 48 соат ичида Белужистонлик сиёсий маҳбуслар ва фаоллар озод этилмаса, гаравдагиларни қатл қилиш билан таҳдид қилди.
BLA сешанба куни баёнот бериб, 214 киши гаравда эканини билдирган. Ҳавфсизлик манбалари Reuters агентлигига маълум қилишича, ҳужум пайтида поездда 425 йўловчи бўлган.
Ҳужумда қанча жангари иштирок этгани аниқ эмас, аммо хавфсизлик кучларининг чоршанбадаги маълумотига кўра, шу пайтгача 27 жангари йўқ қилинган.
BLA – Белужистондаги энг йирик этник қуролли гуруҳлардан бири бўлиб, у Афғонистон ва Эрон билан чегарадош, минерал бойликларга эга ҳудудда Покистон ҳукуматига қарши кураш олиб боради.
Қутқарилган йўловчиларнинг бир қисми чоршанба куни хавфсизлик кучлари ҳимояси остида Кветта шаҳрига етказилган. Улар орасида жабрланганлар ва ҳалок бўлганлар борлиги айтилмоқда.
Поездда бўлган Муҳаммад Ашрафнинг сўзларига кўра, жангарилар ҳужуми пайтида бир неча йўловчилар ҳалок бўлган ва кўплаб одамлар яраланган.
Geo News телеканалига гувоҳлар берган интервьюларга кўра, ҳужум пайтида хавфсизлик хизматлари йўловчилардан ерга ётиб, қимирламасликни сўраган.
Телевизион кадрларда қутқарилган йўловчиларнинг оилалари билан йиғлаб кўришаётгани акс этган.
Бир аёл, унинг ўғли ҳали ҳам гаровда эканини айтган ҳолда, Белужистон ҳукумати вазири Мир Захур Буледийга норозилик билдирган:
"Агар поездларни ҳимоя қила олмасангиз, уларни юргизмаслигингиз керак! Илтимос, ўғлимни қайтаринг!" – дейди аёл.
Покистон темир йўллари хавфсизлик вазияти яхшиланмагунча Панжоб ва Синд провинцияларидан Белужистонга қатновчи барча поезд рейсларини тўхтатди. Ҳукумат вакили Мир Захур Буледий журналистларга берган интервьюсида ҳукумат Белужистондаги хавфсизликни яхшилаш устида иш олиб бораётганини билдирди.
Абдуллоҳ Саййид