АсосийДунё

Исроилнинг Ғазога берган зарбаси оқибатида БМТ ходими ҳалок бўлди

Яна беш нафари оғир жароҳат олди.

'Исроилнинг Ғазога берган зарбаси оқибатида БМТ ходими ҳалок бўлди'ning rasmi

Исроил ҳарбийлари томонидан Ғазо секторига берилган авиация зарбаси оқибатида БМТ ҳомийлигида фаолият юритаётган ташкилотлардан бирининг камида бир ходими ҳалок бўлди, яна беш нафари оғир жароҳат олди. Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Лойиҳа хизматлари бошқармаси (UNOPS) маълум қилди.

UNOPS баёнотида айтилишича, Исроил зарбаси оқибатида БМТга қарашли ташкилотларда ишлаётган олти нафар хорижлик жароҳатланган. Улардан бири оғир аҳволда “Шухада ал-Ақсо” шифохонасига олиб борилган, бироқ шифокорлар унинг ҳаётини сақлаб қола олмаган. Қолган беш жабрланувчининг ҳам аҳволи оғир экани таъкидланмоқда.

Ҳодиса Ғазо сектори марказий қисмида жойлашган Дайр ал-Балах шаҳри яқинида содир бўлган. Мисрнинг “Ал-Қоҳира ал-Ихбария” телеканали манбаларига кўра, зарбага учраган БМТ ходимлари Ғазо секторидаги миналарни тозалаш ишлари билан шуғулланаётган бўлган. Ушбу ҳолат юзасидан БМТ расмийлари ҳозирча расмий баёнот бермаган.

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Ғазо секторида тинч аҳолини нишонга олиш ва халқаро инсон ҳуқуқлари нормаларининг бузилишини кескин қоралаб келмоқда. Унинг сўзларига кўра, Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги можаролар нафақат Фаластин ҳудудида, балки бутун Яқин Шарқ минтақасида гуманитар инқирозни чуқурлаштириши мумкин.

Исроил армияси 18 март куни Ғазо секторида ҲАМАС ҳаракатига қарши кенг кўламли ҳарбий операциялар бошланганини эълон қилди. Бош вазир Биньямин Нетаньяху офисининг маълум қилишича, ушбу ҳарбий ҳаракатлар ҲАМАС етакчилари халқаро воситачилар ва АҚШ махсус вакили Стивен Уиткофф томонидан илгари сурилган тинчлик таклифларини рад этганидан сўнг бошланган.

Ғазо сектори Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, сўнгги зарбалар оқибатида ҳалок бўлганлар сони 400 кишидан ошган, жароҳатланганлар эса камида 562 кишини ташкил қилмоқда.

    Бошқа янгиликлар