АсосийСиёсат

Шавкат Мирзиёев “High Town City” мажмуасини бориб кўрди

Мажмуа бир кунда 5 минг кишига хизмат кўрсатиш қувватига эга. Унда 1 минг 500 киши иш билан таъминланди.

'Шавкат Мирзиёев “High Town City” мажмуасини бориб кўрди'ning rasmi

Президент Шавкат Мирзиёев 20 март куни Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган қурилиш ва ободонлаштириш ишлари билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди. 

Мамлакатимизда инвесторларга яратилган қулайликлар туфайли иқтисодиётда хусусий секторнинг улуши ошиб бормоқда. Тўғридан-тўғри сармоялар киритилиб, саноат, қурилиш, савдо, хизмат кўрсатиш соҳаларида истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Пойтахтимизнинг Юнусобод туманида барпо этилган “High Town City” мажмуаси шулардан бири. У кенг қамровли бўлиб, савдо ва кўнгилочар маркази, бизнес маркази, меҳмонхона ва замонавий турар жойларни ўз ичига олган. Бунга 510 миллион доллар тўлиқ хорижий инвестиция йўналтирилган.

Давлатимиз раҳбари савдо марказидаги замонавий тижорат ва хизмат турларини кўздан кечирди. 4 қаватли бинода савдо дўконлари, жумладан, машҳур брендларнинг шохобчалари очилган. Ресторан ва кафелар, кўнгилочар ўйингоҳлар, спорт майдонлари, кинотеатрлар эл хизматида. Ер остида автотураргоҳ бор.

Бир сўз билан айтганда, бу ерда одамлар савдо қилиши, дам олиши, спорт билан шуғулланиб, вақтини чоғ ўтказиши учун барча шароитлар яратилган. Мажмуа бир кунда 5 минг кишига хизмат кўрсатиш қувватига эга. Унда 1 минг 500 киши иш билан таъминланди.

Президентимиз мажмуанинг иқтисодий аҳамияти ва аҳоли учун қулайлигини эътироф этиб, инвестор ва тадбиркорларга кўмак бериш бундан кейин ҳам давлатимиз сиёсатининг стратегик йўналиши бўлиб қолишини таъкидлади. Миллий маҳсулотларимизни брендга айлантириш, уларни ташқи бозорларда таништириш бўйича мутасаддиларга кўрсатмалар берди.

Савдо марказида шинам китоб дўкони ҳам очилган. Шавкат Мирзиёев бу ташаббусни олқишлаб, метро бекатлари, кутиш жойларида ҳам мўъжаз китоб дўконлари ташкил этиш мақсадга мувофиқлигини айтди.

Давлатимиз раҳбари ўйин майдончасидаги болажонларни кўриб, самимий меҳр-эътиборини изҳор этди. Бугунги барча саъй-ҳаракатлар мамлакатимиз келажаги учун қилинаётгани, бунинг учун болалар яхши ўқиб, ақлий ва ижодий салоҳиятини ривожлантириб бориши кераклигини таъкидлади.

Яқинда 24 қаватли, беш юлдузли меҳмонхона ҳам барпо этилиши режалаштирилган. Унда 250 та хона бўлиб, бир вақтнинг ўзида 430 кишига хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлади. Катта ва кичик конференция заллари, сузиш ҳавзалари, ресторан ва дўконларда замонавий қулайликлар йўлга қўйилади.

Давлатимиз раҳбарига шу ерда қуриладиган замонавий уй-жойлар лойиҳаси тақдимот қилинди. Унга кўра, 1 минг 500 та хонадондан иборат 28 та кўп қаватли уй бунёд этилади. Мажмуа ҳовлиси автомобиллар учун ёпиқ ва яшил ҳудуд бўлади. Болалар боғчаси, ўйин майдончаси, теннис корти, ерости автотураргоҳ ташкил этилади. Мажмуа ҳудуди тўлиқ Wi-Fi билан қамраб олинади ҳамда биноларда шовқинсиз лифтлар ўрнатилади.

Тошкент шаҳрида жамоат транспортини ривожлантириш лойиҳалари ҳам кўриб чиқилди. Маълумки, Тошкент метрополитенини Тошкент трактор заводи даҳасигача олиб бориш режалаштирилган. Президентимиз аввал тақдим қилинган лойиҳаларни қайта кўриб чиқиш, бошқа муқобил таклифлар киритиш бўйича топшириқ берган эди. Шунга мувофиқ тайёрланган янги лойиҳага кўра, метрополитеннинг Чилонзор йўналиши Тошкент трактор заводи даҳасигача узайтирилиб, яна 10 та бекат қурилади. Бу тармоқ 30 та маҳалла, 148 минг аҳолини қамраб олади.

Яна бир лойиҳага кўра, Бектемир туманида Чирчиқ дарёси яқинида кўп қаватли уйлар, савдо ва хизмат бинолари қуриш кўзда тутилган. Бунинг натижасида туманда урбанизация жадаллашиб, янги марказ пайдо бўлади.

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар

    'Мирзиёев Бектемир туманидаги қурилиш ва ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишди'ning rasmi

    Сиёсат 20.03.2025 17:47

    Мирзиёев Бектемир туманидаги қурилиш ва ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишди

    Президентимиз давлат ташкилотлари ва жамоатчилик вакиллари билан бирга Бектемирдаги боғда кўчат экди.

    'Президент кичик ва ўрта бизнес вакиллари билан учрашув ўтказди'ning rasmi

    Сиёсат 19.03.2025 14:35

    Президент кичик ва ўрта бизнес вакиллари билан учрашув ўтказди

    20 та туманда кичик ва ўрта саноат корхоналарини ривожлантириш бўйича лойиҳа офислари очилиши маълум қилинди.

    '15 та туман ва шаҳарда барча давлат идоралари битта кўп қаватли бинога кўчирилади'ning rasmi

    Сиёсат 19.03.2025 13:03

    15 та туман ва шаҳарда барча давлат идоралари битта кўп қаватли бинога кўчирилади

    Ушбу ҳудудларда давлат идораларидан бўшайдиган 150 та бино аукционда тадбиркорларга таклиф қилинади.

    'Бу йил кичик ва ўрта бизнесга 120 триллион сўм ресурс берилади'ning rasmi

    Сиёсат 19.03.2025 11:17

    Бу йил кичик ва ўрта бизнесга 120 триллион сўм ресурс берилади

    “Бунча катта маблағ илгари ҳеч қачон бўлмаган”, - деди Президент кичик ва ўрта бизнес вакиллари билан учрашувда.

    'Кореяда илк бор ўзбекистонликларга соддалаштирилган тартибда виза бериш кўзда тутилмоқда'ning rasmi

    Сиёсат 19.03.2025 09:47

    Кореяда илк бор ўзбекистонликларга соддалаштирилган тартибда виза бериш кўзда тутилмоқда

    Ульсан шаҳар ҳокимлиги томонидан Ўзбекистон фуқаролари учун бир қатор имтиёзлар жорий этилмоқда.

    'Саида Мирзиёева Қозоғистон Давлат маслаҳатчиси билан учрашди'ning rasmi

    Сиёсат 18.03.2025 19:01

    Саида Мирзиёева Қозоғистон Давлат маслаҳатчиси билан учрашди

    Улар апрел ойида бўлиб ўтадиган “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” саммити ва Орол маданият саммитига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш юзасидан фикр алмашишган.