Президент Шавкат Мирзиёев Бухоро шаҳридаги тарихий Қўшмадраса ансамблига ташриф буюриб, уни реставрация қилиш режаси билан танишди.
Мазкур меъморий мажмуа Абдуллахон ва Модарихон мадрасаларидан иборат бўлиб, XVI аср ўзбек меъморчилигининг нодир намуналаридан ҳисобланади.
Жумладан, Абдуллахон мадрасаси 1588–1590 йилларда Бухоро хонлигининг Шайбонийлар сулоласи вакили, давлат арбоби Абдуллахон II томонидан қурдирилган. Унинг мураккаб режаси ва ички тузилиши анъанавий Бухоро мадрасаларидан фарқ қилади. Бош кириш қисми кўк рангли кошинлар ва геометрик нақшлар билан безатилган.
XVI асрда ушбу мадраса Мовароуннаҳрдаги йирик илм-фан ва олий таълим марказларидан бири бўлган. Бу ерда талабаларга диний фанлар билан бир қаторда араб тили ва адабиёти, мантиқ, фалсафа, математика, геометрия ҳамда тиббиёт ўқитилган.
Ансамблнинг жанубий қисмида эса 1566–1567 йилларда Абдуллахон II томонидан онаси шарафига бунёд этилган Модарихон мадрасаси жойлашган. Икки мадраса бир-бирига қарама-қарши ва ягона ўқ чизиғи бўйлаб қурилган.
Маълум қилинишича, Қўшмадраса ансамбли 2023–2024 йилларда қиймати 6 миллиард сўм бўлган лойиҳа доирасида қисман реставрация қилинган. Айни пайтда мажмуага йилига 1 миллион нафар сайёҳ ташриф буюрмоқда.
Давлат раҳбарига ансамблни реставрация қилиш бўйича ишлаб чиқилган режа тақдимот қилинди. Президент тарихий обиданинг меъморий қиёфасини асраб-авайлаш, сайёҳлар учун янада қулай шароитлар яратиш юзасидан мутасаддиларга кўрсатмалар берди.






