Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 3 ноябрь куни Бухоро вилоятига ташриф буюрди. Давлат раҳбари ҳудуддаги бунёдкорлик ишлари, шунингдек, иқтисодиётнинг турли тармоқларида амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишади.
Президент ташрифини Когон туманида жойлашган Баҳоуддин Нақшбанд мақбарасини зиёрат қилишдан бошлади. Зиёрат давомида Қуръон тиловат қилиниб, юрт тинчлиги ва халқ фаровонлиги сўраб дуо қилинди.
Маълумот учун, Хожа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд XIV асрда яшаб ўтган буюк аллома ва тасаввуф оламининг йирик намояндаларидан бири ҳисобланади. У нақшбандия тариқати асосчиси сифатида тарихда қолган.
Бугунги кунда Баҳоуддин Нақшбанд меъморий мажмуаси нафақат Ўзбекистон, балки бутун ислом оламидаги эъзозли зиёратгоҳлардан бири саналади. Мажмуа ҳар куни ўртача 15 минг нафар зиёратчини қабул қилади. У «Ипак йўли: Зарафшон – Қорақум коридори» таркибида ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган.
Сўнгги йилларда зиёратгоҳнинг тарихий қиёфасини сақлаш ва сайёҳлар учун қулай шароит яратиш мақсадида бир қатор ишлар амалга оширилган. Жумладан, XV аср чизмалари асосида "Дониёлбий оталиқ" мадрасаси ва "Тоқи миёна" дарвозаси таъмирланган. Шунингдек, музей экспозицияси ҳамда илмий-тадқиқот маркази ташкил этилган.
Зиёрат давомида Шавкат Мирзиёев Бухоронинг асрлар давомида маърифатли ислом тараққиётида муҳим ўрин тутганини таъкидлади. Давлат раҳбари буюк аждодларимизнинг бой маънавий меросини чуқур ўрганиш, уни ёшлар тарбиясида самарали қўллаш ва ёш авлодни илм-маърифатга ундаш зарурлигини қайд этди.
"Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий ва Имом Мотуридий боболаримиз номи билан боғлиқ мажмуалар – буларнинг барчаси бир мақсадга хизмат қилади: буюк аждодларимиз илмий меросини давом эттириш ва ёшларимизни шу руҳда тарбиялаш", – деди Президент.
Давлат раҳбарининг Бухоро вилоятига ташрифи давом этмоқда.






