Президент Шавкат Мирзиёев Бухоро шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган йирик халқаро тадбирларга тайёргарлик масалалари юзасидан йиғилиш ўтказди. Унда янги халқаро аэропорт қурилиши, шаҳар инфратузилмасини модернизация қилиш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва инвестицияларни жалб этиш масалалари муҳокама қилинди.

Йиғилишда давлат раҳбари бўлажак халқаро тадбирлар нафақат Бухоронинг бой тарихий мероси ва сайёҳлик салоҳиятини намоён этиши, балки вилоятнинг иқтисодий ривожланишига ҳам хизмат қилиши кераклигини таъкидлади.
Бунинг учун тайёргарлик ишларини фақат тадбирлар ўтказиладиган майдонлар билан чеклаб қолмасдан, транспорт, хизмат кўрсатиш, хавфсизлик ва шаҳар инфратузилмасини комплекс равишда ривожлантириш зарурлиги қайд этилди.
Шунингдек, ҳар бир вазирлик ва идорага хорижий ҳамкорлар билан ўз йўналиши бўйича мазмунли мулоқотга тайёргарлик кўриш, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг амалий натижаларини намойиш этиш ва янги қўшма ташаббусларни ишлаб чиқиш вазифаси юклатилди.

Жамоат хавфсизлигини таъминлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Бухорода замонавий вазият марказларини ташкил этиш, жамоат жойлари ва сайёҳлик объектларидаги ҳолатни рақамли технологиялар орқали кузатиш, йўл ҳаракатини бошқариш ҳамда кибержиноятчиликка қарши курашиш режалари кўриб чиқилди.
Президент маҳаллаларда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда профилактика инспекторлари ва «маҳалла еттилиги» ҳамкорлигини кучайтириш зарурлигини таъкидлади.
Давлат раҳбари Бухорога келган меҳмонларда дастлаб аэропорт, вокзал ва йўллар ҳолати таассурот қолдиришини қайд этди. Шу муносабат билан қиймати 300 миллион доллар бўлган янги халқаро аэропорт қурилиши, уни шаҳар билан боғлайдиган 23,5 километрлик автомобиль йўлини барпо этиш режалари муҳокама қилинди.

Бундан ташқари, темир йўл вокзаллари атрофини ободонлаштириш, автотураргоҳлар ташкил этиш, кўчаларни ёритиш, сервис хизматлари ва жамоат транспорти қатновини яхшилаш бўйича топшириқлар берилди. Шаҳар ва туманларни вокзаллар билан боғлаш учун қўшимча 120 та автобус жалб этиш белгиланди.
Бухоронинг иқлим шароитидан келиб чиқиб, яшил ҳудудларни кенгайтириш, дарахт ва буталар экиш, шунингдек, уларни парваришлаш учун зарур суғориш ва дренаж тизимларини ташкил этиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Йиғилишда халқаро тадбирлардан инвестиция ва иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш йўлида самарали фойдаланиш зарурлиги таъкидланди. Хусусан, саноат кооперацияси, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш, транспорт-логистика ва экспорт соҳаларида хорижий шериклар билан амалий келишувларга эришиш бўйича таклифлар муҳокама қилинди.

Шу билан бирга, вилоятда қайта тикланувчи энергетика лойиҳаларини амалга ошириш, электр энергиясини узатиш ва сақлаш инфратузилмасини ривожлантириш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.
Меҳмонларга Бухоронинг тарихий-маданий мероси ва сайёҳлик имкониятларини намойиш этиш билан бирга, ҳудуддаги замонавий корхоналар, қишлоқ хўжалиги, ҳунармандчилик ва хизмат кўрсатиш соҳаларида амалга оширилаётган ишлар билан таништириш муҳимлиги қайд этилди.
Аҳоли бандлигини таъминлаш, даромадларини ошириш, соғлиқни сақлаш ва маданият соҳаларидаги ўзгаришларни ҳам амалда кўрсатиш вазифаси қўйилди.
Президент тайёргарлик доирасида қуриладиган ҳар бир объект ва жорий этиладиган тизим халқаро тадбирлар якунланганидан кейин ҳам Бухоро аҳолисига хизмат қилиши кераклигини таъкидлади.
Мутасаддиларга ҳудудларга чиқиб, ишлар ҳолатини шахсан ўрганиш, мавжуд муаммоларни жойида ҳал этиш ва белгиланган вазифалар ижросини қатъий назорат қилиш бўйича кўрсатмалар берилди.






